Ушбу масалани телеграмдаги "Daryo-Live" канали ЎзА ўтказган сўровнома асосида таҳлил қилди.
Сўровнома натижасига кўра 70 фоиз аҳоли Туризм ривожлантириш давлат қўмитасининг рус ва ўзбек тилларида мунтазам юбориб турилган: «Ҳурматли тадбиркорлар! Замонавий ва озода жамоат ҳожатхонаси ташкил этинг ва солиқ имтиёзига эга бўлинг», деб ёзилган SMS’лари жонга тегиб кетганини айтибди (ҳа, бу фикрга қўшилмаслик қийин). Хўш, ҳожатхоналар қуриш даъвати билан юборилган миллионлаб SMS’лардан бирор наф бўлдими? «Албатта, бу ўз самарасини берди», — дейди Туризм қўмита бўлим бошлиғи Ўткир Холбадалов. Бир неча мисолларни ҳам келтирган.
Масалан, Қашқадарёнинг Китоб туманидаги Тахтақорача довонида 60 миллион сўмга тўрт хонали ҳожатхона қурилган — у таҳоратхона, бири эркаклар, бошқаси аёлларга мўлжалланган ҳожатхона, шунингдек, имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган махсус ҳожатхонадан иборат. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида эса ҳатто иккита лойиҳа амалга оширилган. Биринчиси 100 миллион сўмга тушган, у олти хонадан (таҳоратхона, аёллар ва эркаклар, шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун махсус ҳожатхона, ювиниш хонаси)иборат. Иккинчи санитария-гигиена шохобчаси эса 30 миллион сўм эвазига спорт комплекслари ва кичик савдо мажмуаларининг ёнидан қурилган.
Аслида SMS’лар шарофати билан қурилган ҳожатхоналар сони бундан кўпдир. Энди бунисини Туризм қўмитанинг бошқа бир «инновацион» лойиҳаси — қаерда ҳожатхона борлигини кўрсатадиган UzFinder мобил дастури ишга тушганидан cўнг билиб оламиз (октябрда ишга тушади, дейишганди. Британия олимларининг айтишича, бир асрда 100 та октябрь бўларкан), дейилади канал тарқатган хабарда.