Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков карантин чекловларининг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди. Мутахассис бугун бўлиб ўтган брифингда ана шу мавзуга тўхталиб ўтди.
“Чекловларнинг фойдаси бор — вақтдан ютиш!
Дарҳақиқат, бир қарашда бугунги вазиятдан келиб чиқсак, вирус тарқалишини тўхтатишдаги ҳар қандай саъй-ҳаркаталар фойдасиздек, чунки барибир ҳамма касалланиб олади”, – дейди Отабеков.
Лекин мутахассис ушбу пессимистик қараш ўзини оқламаслигини маълум қилди. Шу ўринда Отабеков Хитой, Тайван, Янги Зеландия ва Жанубий Кореяда қўлланилган тажрибаларни мисол қилиб кўрсатди. Унинг айтишича, мазкур давлатларда чекловларнинг ўз вақтида қўлланилиши касаллик тарқалишини узоқ вақт ушлаб туришга имкон берган.
“Бундан келиб чиқадики, ҳатто қатъий карантин чоралари мавжуд бўлмаса-да, кучли иккинчи тўлқин юзага келмайди”, – дея қўшимча қилди штаб аъзоси.
Бундан ташқари, карантин кучайиши вақтдан ютиб, тиббий тизимда мослашишга имкон бериши таъкидланди. Отабеков бу ҳолатда нафақат вақтинчалик касалхоналар ёки тест текшируви, балки касалликнинг клиник манзарасини тушуниш, унинг олдини олиш ва тест усулларини ишлаб чиқиш учун ҳам вақтдан ютилишини маълум қилди.