Самарқандда коронавирусга чалинганлар сони 10 бараварга камайтириб айтилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Бурҳоновнинг айтишича, агентликка Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг сарф этилиши юзасидан айнан ушбу ҳудуддан энг кўп мурожаат келиб тушган. Шунга кўра вилоятда ўтказилган ўрганишларда статистик маълумот ҳам ўрганиб чиқилгани маълум қилинди. Унинг натижасига кўра эса ҳудудда касаллик билан зарарланганлар сони 10 бараварга камайтириб кўрсатилган.
Хусусан, 6 октябрда вилоятда 143 киши касал экани расман маълум қилинган. Лекин, Бурҳоновнинг билдиришича, ўша куни вилоятда касалланганлар сони 1155 нафар бўлган. Агентлик раҳбари бундай ҳолат бутун республикада кузатилишини аниқ айта олишини таъкидлаган.
“Бу балки коррупция эмасдир, аммо сабабини биз ўрганишимиз керак”, – дея қўшимча қилди у.