Аввалроқ, Тошкентда 15 ёшли Нодира Яшатуллаева 1 январь куни Сергели туманида яшовчи қариндошининг уйидан чиқиб, бедарак йўқолганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Тошкент шаҳар ИИБнинг хабар қилишича, Нодира Янгийўл туманидан топилган. У Янгийўлга танишларининг ёнига борган, айни вақтда бу маълумот текширилмоқда. Ички ишлар идораларининг барча хизмат ва бўлинмаларга юборилган тегишли кўрсатмалар натижасида Нодирани топишда Тошкент шаҳар ИИББга Тошкент вилояти ИИБ ходимлари кўмаклашишди.
Нодирага зарар етмаган, саломатлиги яхши, онаси унинг ёнида. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази психологлари Нодира билан суҳбатлашиб, яқинларини огоҳлантирмасдан уйдан чиқиб кетганлигини сабабларини ўрганишмоқда.