Бугун, 11 ноябрь куни мутахассис Барно Абдусаматова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда мутахассис фуқаролар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.
Брифингда Абдусаматовадан мамлакатимизда яна карантин чоралари кучайтирилиши мумкинми деган мазмунда савол сўралди. Мутахассис юртимизда карантин юмшатилгани бу хотиржамликка берилиш керак дегани эмаслигини билдирди. У аксинча, одамлар сергакроқ бўлиши кераклигини айтди.
“Корновирус инфекцияси ўта контагиозлиги билан хавфли. У жуда тез тарқалади ва агрессив. Дунё бўйлаб кундан кунга касалланган ва вафот этганлар сони ортиб бормоқда”, – дейди мутахассис.
Абдусаматова ҳар қандай чекловларни жорий қилишдан кўра, карантин маданияти одамларга ўргатилса самаралироқ натижа беришини таъкидлади. Юртимизда барча фуқаролар гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиб, тиббий ниқоблардан тўғри фойдаланса ва ижтимоий масофани сақласа ҳеч қандай карантин қоидаларини кучайтиришга асос қолмаслиги билдирилди.