Кеча, 14 ноябрь куни коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков брифинг ўтказди. Унда Отабеков фуқаролар томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Хусусан, Отабековдан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ ҳолат яна мураккаблашиши мумкинми деган мазмунда савол сўралди. Отабеков ўз навбатида ҳудудимизда коронавирус бўйича вазиятнинг яна мураккаблашиш эҳтимоли борлигини маълум қилди. У мутахассис сифатида ҳозирги вазиятни “Алдамчи барқарорлик, алдамчи осойишталик” деб баҳолашини билдирди. Шунинг учун Отабеков фуқаролардан хушёр бўлишни сўради.
“Агар саломатлигимизга бефарқ бўлмасак, касалликнинг бирон-бир клиник белгиларини сезган заҳоти тиббиёт ходимларига мурожаат қилсак, ўз бошимча даволанишга уринмасак, уй шароитида даволаниш ва карантинда бўлиш қоидаларига риоя қилсак, у ҳолда вазиятни барқарор ушлаб туришимиз мумкин”, – дейди Отабеков.