Тошкентда тирбандликлар ва ёқилғи сарфини камайтириш учун нима қилиш кераклиги айтилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, кеча, 23 ноябрь куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев пойтахтда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишган. Унда Тошкентдаги тирбандликлар, ҳайдовчилар ҳамда пиёдалар учун яратилган шароитлар атрофлича муҳокама қилинган. Хусусан, тақдимот жараёнида пойтахтда тирбандликларнинг олдини олиш ва бунинг натижасида ёқилғи сарфини камайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Таъкидланишича, пойтахтда 500 дан ортиқ чорраҳалар бўлиб, уларнинг 200 тасида автомобилларни тезкор ўтказиб юбориш ишлари тўғри йўлга қўйилмаган. Шундан келиб чиқиб, пойтахтда 24 та чорраҳада ҳаракатланишни оптималлаштириш кераклиги айтилди. Агар шундай йўл тутилса Тошкентда ҳайдовчилар тўхташи 71 фоизга, вақт 48 фоизга, тирбандлик 64 фоизга, ёқилғи сарфи эса 34 фоизга камайиши таъкидланди.