Наманган шаҳридаги 33-сонли мактабнинг 11 синф ўқувчиси Буюк Британия қироличасидан хат олди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Азизбек Мирзахолов икки ой олдин қиролича Елизавета II га хат ёзган эди. Мактаб ўқувчиси ўз хатида қироличага Буюк Британия тарихига қизиқиши ва ўша давлатда ўқишини давом эттиришни хоҳлашини айтганди. Мирзахолов шунингдек, қироличадан дастхатини беришни сўраган.
Елизавета II ўқувчига жавоб хатида миннатдорчилик билдириб, эсдалик учун ўзининг суратини юборди. Қиролича дастхат бера олмаслигини, бу қирол оиласининг қоидаси эканини билдирган. Таъкидлаш жоиз, Буюк Британия қироличаси хат ёзишни яхши кўради. Аввалроқ кўплаб давлатлар ўқувчилари қироличадан жавоб хати олган эди.