Педагог: ўқувчиларга дарс пайтида телефондан фойдаланишга рухсат бериш керак

Педагог: ўқувчиларга дарс пайтида телефондан фойдаланишга рухсат бериш керак
Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатида иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш, шу асосда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш масаласи қўйилди. Мурожаатномани тинглар эканмиз, мазкур дастур бир қарашда иқтисодиёт соҳасига тааллуқли эканлиги кундай равшан бўлиб турса ҳам, таълим соҳасида фаолият юритаётган биз – ўқитувчилар зиммасига ҳам улкан вазифалар юкланаётганлигини ҳис қилмоқдамиз.

Чунки мамлакатнинг иқтисодий ҳаёти, барча соҳаларга рақамли технологияларни татбиқ қилиш бўйича ислоҳотлар ва илғор технологиялар, табиийки, таълим соҳасини четлаб ўтиши мумкин эмас. Аксинча рақамли иқтисодиёт асосини кадрлар ва таълим ташкил қилади. Шундай экан, рақамли Ўзбекистон келажаги ҳозирда мактаб партасида ўтирган болаларимиз, ёшларимиз қўлидадир. Албатта, улар рақамли иқтисодиётни бошқара оладиган, тараққий эттирадиган даражада сифатли ва замонавий билимга эга бўлса, келажагимиз буюк бўлади, рақамли Ўзбекистон хавфсизлиги таъминланади. Назаримда, бунда нафақат аниқ ва табиий фанлар, балки барча фанлар ҳамда улар учун “остона” саналадиган она тили таълимига ҳам эътибор кучайтириш тақозо қилинади. Ваҳоланки, информатика тилидан ташқари, ҳам хорижий тиллардан, ҳам она тилидан саводхон дастурчилар тайёрлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Шунингдек, давлат бошқарувига, давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига саводли, лаёқатли кадрлар тайёрлашдек залворли вазифа тўла адо этилмаётганлиги сир эмас.

Президентимиз олға сурган Рақамли иқтисодиёт миллий концепцияси ўзбек халқи учун, кўп миллатли Ўзбекистон учун. Демак, унинг бунёд қилиниши, амалга оширилишида барча манфаатдор бўлгани каби барчанинг ҳиссаси қўшилиши керак.

Рақамли иқтисодиёт дастурини ишлаб чиқишда рақамли таълимни амалга оширишга урғу бериш мазкур дастур амалга оширилаётган кўпгина ривожланган давлатлар тажрибасида кузатилмоқда. Хусусан, Россия Федерациясида ҳам шу жиҳат алоҳида эътибордадир. Айниқса умумтаълим мактабларида таълимни рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш келажакда ўз самарасини беришини, албатта, ҳисобга олиш тақозо қилинади. Мутахассислар таъкидлаётганидек, нафақат информатика, балки умумтаълим мактаблари ўқув режасидаги барча фанларни ўқитишда рақамли технологияларни татбиқ қилишни жадаллаштириш узоқни кўзлаб амалга оширилаётган режаларнинг рўёбга чиқиш суръатини оширади. Бироқ маърифатнинг, тараққиётнинг мухолифлари бўлгани, ҳар қандай янгиликни жорий қилишда қаршиликлар, зиддиятларга дуч келингани каби рақамли технологияларни таълимга олиб киришда ҳам бир-бирини истисно қилаётган ҳолатлар кўзга ташланади. Жумладан, рақамли таълимни жорий қилишда бу яққол намоён бўлмоқда:

1. Рақамли технологияларни таълимнинг қуйи бўғинларидан бошлаб татбиқ қилишга таълим муассасалари, хусусан, мактабларнинг моддий таъминоти жавоб бера
олмаслиги.

2. Фан ўқитувчиларининг рақамли технологияларни таълим жараёнига олиб киришдан кўра анъанавийликни қулай ва осон деб ҳисоблаши.

3. Умумтаълим фанларидан электрон адабиётларнинг етарли эмаслиги.

4. Компьютер ва турли гажетларнинг инсон саломатлиги, руҳиятига салбий таъсири, ўқувчиларнинг медиамаданияти, “телеавлод” тушунчаси кабилар.

Бизнингча, мультимедиа воситалари билан мактабларни тўлиқ жиҳозлашни қўл қовуштириб кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аслида бу ишни тўла якунлаш имконсиз ҳам. Қолаверса, компьютер технологиялари ва рақамли технологиялар кун сайин янгиланмоқда, такомиллашмоқда. Шунинг учун аксарият мамлакатларда қўлланилаётганлиги каби ўқувчиларнинг гажетларидан фойдаланиш тажрибасини қўллаш мумкин. Афсуски, ўқувчиларнинг қўл телефонларидан фойдаланиш таълим муассасаси ҳудудида, айниқса, дарс жараёнида тақиқланиши бўйича тегишли вазирликларнинг буйруқлари бунга монелик қилади. Назаримизда, буни тақиқлаш бир томонлама қарордир. Аксинча ўқувчиларнинг мобиль телефонлари ва турли гажетлардан мақсадли фойдаланишига эришиш бўйича ишларни жонлантириш зарур.

Бир пайтлар хорижий тилларни магнитофон ва кассеталар воситасида аудиоматериалларни тинглаш орқали ўрганиш урф бўлиб, компьютер технологиялари имкониятларининг кенгайиши сабабли уларнинг сиқиб чиқарилганлигини ҳисобга олсак, смартфонлар ва планшетларнинг шахсий компьютерлар ўрнини эгаллаб олаётганлигини назарда тутсак, таълим контентларини мобиль иловалар тарзида тайёрлаш масаласи кун тартибига чиқаётганлигини сезиш қийин эмас. Бинобарин, аксарият ҳолларда анъанавий методиканинг ўзи ноўрин фойдаланилганлиги, бу ҳолат эса деярли “занглаган” ўқитиш методикасини пайдо қилганлигини ҳам тан олиш керак. Аввало, “занглаган” методикани “ярқиратиш, жилолантириш”, унинг афзалликларини қайта намоён қилиш, иккинчидан, педагогик ва рақамли технологияларга мурожаат қилиш, сўнгра анъанавий таълимнинг афзалликлари ва электрон таълимни биргаликда фойдаланиш ҳамда аралаш таълимни (смешанное обучение, Blended learning) жорий қилишни жадаллаштириш зарурлигини ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир раҳбар чуқур англаши зарур.

Китоб дўконларида рус синфлари учун чоп қилинган қўшимча адабиётларнинг хилма-хиллиги, инглиз тилини ўрганишга қулай қўлланмаларнинг кўплиги диққатимизни тортади. Ўзбек тилини она тили ёки давлат тили сифатида ўқитишга қулай босма адабиётларни замонавий технологиялар асосида яратишда орқада қолаётганлигимизни ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам яққол кўриб туришибди. Интернетда рус тилини ўрганиш учун яратилган электрон луғатлар, видеодарслар, электрон дафтарлар; “Репетитор по русскому языку”, “Диктанты. Русский язык”, “Ударение”, “Части речи”, “Аудиокурс. Русский язык”, “Правила по русскому языку”, “Пунктуация” каби мобиль иловаларни кўриб ҳавасимиз келади. Хорижда уларни нафақат компьютер дастурчилари, балки фан ўқитувчилари, талабалар, ҳатто ўқувчилар яратишмоқда. Бундай мобиль иловалар, электрон адабиётлар яратишда нега биз имиллаяпмиз, деган ўй тинчлик бермайди. Ахир, ўзбек ёки қорақалпоқ тилидаги контентни ўзимиздан бошқа ҳеч ким яратиб бермайди.

Хуллас, рақамли Ўзбекистонни бунёд қилиш учун ҳар бир фан ўқитувчиси ўзининг бу ишга дахлдор эканлигини англаб етиши тақозо қилинмоқда. Ўзимиз ҳам, шогирдларимиз ҳам, ўқувчиларимиз ҳам рақамли технологиялар инқилоби даврида уйғонишимиз керак.

Узлуксиз таълим тизими таълимнинг сифат даражасини юқори кўтаришдек машаққатли даврни бошидан кечирмоқда. Буни амалга оширишда анъанавий таълим ва рақамли технологияларни аралаш қўллаш ўз ҳаётини буйруқ ва кўрсатмалар асосида эмас, балки ўз тафаккури ва юрак амрига кўра қура оладиган ёшларга таълим-тарбия бериш воситасига айланиши муқаррар. Демак, рақамли таълим технологиялари билан рақамли иқтисодиёт пойдеворини бунёд қилишга биз – педагоглар масъулмиз.

Шахло Юлдашева

Ўхшаш янгиликлар

  1. М 10 январ 2019 14:17
    "Телефондан фойдаланиш" эмас балки "информацион технологияларда" ёки "интерактив дарс қуролларидан" десак тўғрироқ бўларди. Чунки телефон бу алоқа воситаси ва айнан шу ҳолат уни тақиқлашга асос бўлади (дарс пайтида телефон орқали мулоқот қилиш нафақат ўзининг, балки бутун синфнинг дарсни ўзлаштиришига халақит беради). Иккинчидан, Университет талабаси ва мактаб ўқувчисининг планшетдан фойдаланиши орасида жуда катта фарқ бор. Талаба ўзига зарур бўлганлиги сабаб илм излайди ва шу мақсадда планшетдан фойдаланади, ўқувчига эса дарсдан кўра ўйинлар ва ҳар хил фильмлар қизиқарлироқ. Шу сабабли бу ускуналардан ўқувчиларнинг фойдаланишини назорат қилиш зарур. Мактабда тадбиқ қилинадиган бўлса, ўқитувчи доимо уларни назорат қилишига тўғри келади (Wi-Fi қўшилганми, интернет қўшилганми, улардан фойдаланиб ўзаро мулоқот қилмасдан дарс билан машғулми, бирон ножўя фильмларни томоша қилмаяптими ва хоказо), бунинг эса имкони йўқ. Шу сабабли бу ускуналарнинг мактабда қўлланилишига анча бор. Мақолада айтилганидек замондан ортда қолмаслик учун синфда битта монитор (камида 90") ёки интерактив доска ўрнатиш етарли . Телефондан фойдаланиш масаласига келсак, фақат тугмачали одиий телфонлардан фойдаланишга рухсат бериш керак (дарс пайтида ўчириб қўйиш шарти билан).
  2. Насиба Гафурова 8 январ 2019 23:17
    Жуда тўғри фикр. Одатда тақиқланган нарсаларга боланинг қизиқиши жуда баланд бўлади. Бордию, ота-она олиб берган "ўйинчоқ" дарс қуролига айланса, болалардаги қизиқиш кўникмага айланади. Ҳам дарс қизиқарлироқ ўтади, ҳамболалар ахборот технологияларидан тўғри фойдаланишни ўрганади.
  3. Малика. 8 январ 2019 22:40
    Интернетдан тугри фойдаланса кандай яхши шунинг учун богчадан болаларга планшетлардан тугри фойдаланишни йулга куйиш керак кандай программаларни куйиш керак мактабда хам шунда ота онадан беркиниб интернетга кирмайдилар.Менинг 2 ёшга кирмаган чеварам телефонни бемалол ишлата олаяпти.Ёшларимзни куллаб кувватлайлик уларни келажаги порлок шундай келажакка бошлаётган президентимиз Шавкат Миромоновични умрлари узок мартабалари янада улуг булсин илохо Омин
  4. Абдуғафур 8 январ 2019 17:53
    Сарлавҳа нотўғри. Дарсда эмас, бутун таълим жараёнида телефондан фойдаланиш татбиқ қилиниши керак.2-синфданҳар бир ўқувчини планшет билан таъминлаш, бу планшетларни дастурлар, эл.китоблар билан таъминлашни мактаб ўз бўйнига олади. Масалан, биз тайёрмиз. Йиғиб қўйганмиз.Планшетдан ташқари ҳамма нарсани. Лекин ота-оналарда болага компьютер, планшет олиб берсанг, ўйинга берилиб кетади, бузилиб кетади деган тушунча бор.
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Педагог: ўқувчиларга дарс пайтида телефондан фойдаланишга рухсат бериш керак