Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров ЎзА сайтига берган интервьюсида Вазирлик томонидан телекоммуникация хизматлари тезлиги ва сифатини ошириш, телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга қаратилган 2019-2023 йилларга мўлжалланган Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги кунда келишиш жараёнида эканини маълум қилди.
Дастурга асосан:
– 120 000 километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилиши;
– 6 000 дан ортиқ мобил алоқа база станциялари қурилиши;
– кенг полосали тармоқ сиғими 1,5 миллион портга кенгайтирилиши;
– маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари сиғими кенгайтирилиши ва янгиларининг қурилиши;
– ташқи интернетга уланиш қобилиятини қўшимча 10 баробар ошириш;
– симсиз маълумот узатиш – Wi-Fi тармоқларини кенг жорий қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.