Олий Мажлис Сенати раиси, гендер тенглик комиссияси раҳбари Танзила Норбоева мамлакатимизда жинсий тарбияни жорий қилиш таклифини илгари сурганда уни журналист ва блогерлар нотўғри тушинишганини айтди.
Норбоева бу ҳақда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга бағишланган йиғилишда гапирди.
“Ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида бўляпти. Бу ерда нафақат аёлларнинг, балки эркакларнинг ҳам бепуштлиги бор. Шунинг учун мен жинсий тарбия ҳақида гапирганимда блогерлар ва журналистлар мутлақо нотўғри тушинишди. Мен жинсий тарбия деганимда айнан ёш қизларимизни ҳам гинекологга олиб бориб текширтириш, ўғил болаларни ҳам урологга олиб бориб текширтириш кераклигини айтдим. Шунда шамоллаш асоратларининг олдини олиш мумкин”, – дейди Сенат раиси.
Шунингдек, Норбоева одамлар ажрим кўпайишида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ИИВни айбдор қилишаётганини айтди. Лекин айблаш эмас балки сабабларни бартараф қилиш кераклиги таъкидланди.