Ижтимоий тармоқларда номаълум эркакнинг аудиоси тарқалди. Унда эркак Ўзбекистонда февраль ойида карантин кучайишини ва Тошкентда таҳсил олувчи талабада коронавируснинг янги штамми аниқланганини айтган.
Аудиодаги овоз соҳиби коронавируснинг янги штамми бошқача бўлиши, бурун битиб, томоқ йиринглаши, ич кетиши ва касаллик жуда кескин кечишини маълум қилган.
Ушбу аудио тарқалгач Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков аслида вазият қандай эканини билдирди. Отабеков юқорида айтилган белгилар аслида аввалги штаммда ҳам учраши мумкинлигини таъкидлади. У, шунингдек, янги штамм ҳали Ўзбекистонга кириб келмаганини маълум қилди. Отабеков талабада янги штамм аниқланмаганини қўшимча қилди. Февраль ойида карантин кучайиши ҳақидаги гаплар эса ҳеч қандай асосга эга эмаслиги, бу бўйича қарорни фақатгина махсус комиссия қабул қилиши таъкидланди. Штаб аъзоси мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор эканини қўшимча қилди.
Отабеков янги штамм кириб келмагани хотиржамликка берилишга асос бўлолмаслигини айтди. Ҳимоя ва гигиена қоидаларини унутиш тўғри эмаслиги, эҳтиёт чоралари ҳамон амалда эканлиги таъкидланди.