Мирзиёева турмушга чиқишдан олдин овқат қилиш унча қўлидан келмаганини, лекин чўзма лағмонни пиширишни билганини, ушбу таомни болалигидан жуда яхши кўрганини айтиб, у билан боғлиқ бир воқеани ёдга олди.
Уни тайёрлашнинг қийин томони — хамирни ингичка қилиб чўзганда у узилиб кетмаслиги керак. Онам шундай ўргатганлар. Анча ҳаракат қилиб, охири эплаб кетганман.
Шундай қилиб, янги оилада, янги келин сифатида яқинларимга маҳоратимни намойиш этишга қарор қилдим. Уялиб қолмаслик учун онамдан лағмоннинг батафсил рецептини сўраб олдим. Онам масаллиқларнинг аниқ рўйхатини ёздирдилар. Фақат битта нарса — тузни айтиш хаёлларига келмабди.
Шундай қилиб, кўриниши иштаҳаочар лағмоним пишди. Мазаси эса...тузсиз тасаввур қилаверинг.
Оила аъзоларимиз ўта хушмуомала бўлганлари учунми, лағмонни мақтаб-мақтаб беш дақиқада паққос туширишди. Туздон талаш бўлгани эса... ҳаётда шунақасиям бўлиб туради, – дейди Саида Мирзиёева.