Тошкентда шу йил 5 февраль куни мактабдан қайтаётган 14 ёшли қизни поезд уриб кетди. Бу ҳақда Анҳор.уз нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, қиз айни вақтда 4-шаҳар касалхонасининг болалар жонлантириш бўлимида қолмоқда. У ўта оғир аҳволда, комада экани айтилмоқда. Шифокорлар қизни қутқариб қолиш учун барча чораларни кўрмоқда.
Нашрнинг ёзишича, қизнинг ота-онаси 8 февраль куни Саида Мирзиёевадан ёрдам сўраган ва Мирзиёева ўша куннинг ўзида касалхонага етиб бориб, қизнинг ота-онаси билан учрашган.
Таъкидланишича, «Ҳамза» ва «Тошкент юк» станциялари ўртасида ҳар куни 57та вагонли юк поезди қатнайди. Лекин бу ерда алоҳида белгилар ўрнатилмаган. Ҳозирда юқоридаги ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.