Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида ўқувчилар томонидан китобга нисбатан ножўя гаплар айтилиб, уни улоқтириб юборилгани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Маълум бўлишича, видеодаги ўқувчилар Нарпай туманидаги 17-мактабнинг 11-"А" синфида таҳсил олади. Улар видеода китобга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, уни деворга қарата улоқтириб юборган. Яна бир ҳолатда эса ўқувчи ҳатто сумкасини ҳам отиб юборганини кўриш мумкин.
Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ташкиллаштирилган. Йиғилишда ота-оналар фарзандларининг хатти-ҳаракати учун узр сўраган. Шунингдек, уларга МЖтКнинг 47-моддасига кўра қонунда белгиланган тартибда чора кўрилди. Ўқувчилар эса профилактик ҳисобга олинди.