Давлат хавфсизлик хизматида сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда унинг муносиб издоши бўлмиш Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий ва маданий тадбир ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, навоийшунос олим Баҳодир Қобилов ҳарбий хизматчиларга бу икки улуғ аждодларимизнинг ижодлари ҳақида, уларнинг асарларида илгари сурилган ғоялар инсонни комилликка етаклаши тўғрисида зарур тушунчалар берди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Дилноза Кубаевалар томонидан ўқилган Навоий ва Бобур ғазаллари ҳамда рубоилари Хизмат ходимларининг шериятга ва адабиётга бўлган қизиқишларини янада орттирди.
Ўзбек миллий мақом санъати усталарининг миллатимизнинг фахри, ғурури бўлган ушбу боболаримиз ғазаллари асосида тайёрлаган концерт дастури тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари, ДХХ ҳарбий хизматчилари учун республикамизнинг етакчи нашриётлари томонидан китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу буюк шахсларимиз асарларида адолатпарварлик, ватанни севиш, юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш борасида илгари сурилган ғоялар ҳар бир инсоннинг маънавий-ахлоқий фазилатларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.