Кўмир ҳам йўқ, газ ҳам ёхуд газ баллон қачон келади?

Кўмир ҳам йўқ, газ ҳам ёхуд газ баллон қачон келади?
Юртимизда қиш қаҳратони забтига олмоқда. Бундай пайтда иссиқ уйдан чиқишга эринади киши, қайноққина чой ёки биқирлаб қайнаб турган шўрвага кўнгил кетади. Аммо кўнгил тусаган бундай оддийгина истакни ҳамма жойда амалга ошириб бўладими?

Жиззах вилоятидаги тоғли ва олис ҳудудларда жойлашган 199 та аҳоли манзилига табиий газ етиб бормаган. Шу боис ана шу қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган 77 минг 929 нафар фуқаро «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Жиззах вилояти бўйича «Газ таъминоти» ҳудудий филиали хизматларидан фойдаланади. Ўтган йили «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти истеъмолчиларга 9 минг 241 тонна суюлтирилган газ етказиб бериши зарур эди. Куз-қиш мавсуми инобатга олиниб ноябрь, декабрь ойларида қўшимча равишда 382 тонна ёқилғи ажратилди. Шундай қилиб, 2018 йилда аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газ миқдори 9 минг 623 тоннага етди. Аммо ажратилган ёқилғининг 29,4 тоннаси вақтида ташиб олинмагани боис ишлаб чиқарувчи корхоналарда қолиб кетди. Йил охирида келтирилган суюлтирилган газнинг 154,26 тоннаси турли баҳоналар билан аҳолига тарқатилмади.

Хўш, 199 та қишлоқ ва маҳалла аҳолисининг иссиққина шароитларда яшашга, қишдан беталафот чиқиб олишга ҳаққи йўқми?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Жиззах вилояти бўйича «Газ таъминоти» ҳудудий филиали томон йўл олдик.

— Бу йил ҳам аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда жиддий муаммоларга дуч келинмоқда, — дейди Жиззах вилояти бўйича «Газ таъминоти» ҳудудий филиалининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш ва ҳисобга олиш бўлими етакчи мутахассиси Исроил Сиддиқов. — Чунки 2019 йил давомида табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлардаги яна 30 мингта хонадонни суюлтирилган газга ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудудий филиал қўшимча 22 минг 523 та маиший газ баллонлари сотиб олиш ва аҳолига ижарага беришни мўлжаллаяпмиз. Тошкескан қишлоқ фуқаролар йиғини нафақат Жиззах вилояти, балки Зарбдор туманининг энг чекка аҳоли манзилларидан. Бундан 4 йил бурун қишлоққа табиий газ етказиб бериш мушкуллашди. Шу боис аҳоли суюлтирилган газга ўтказилганди.

— Қишлоғимизда 1 минг 8 та оила бор, — дейди йиғин раиси Юсуф Мавлонов. — Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш Зарбдор тумани бўлими қишлоқ хонадонларини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 860 та маиший газ баллонининг ҳар бирини йилига 57 минг 71 сўм тўлаш шарти билан ижарага берди. Дастлаб жараён бир меъёрда кетаётганди. Бироқ кейинги пайтда жиддий муаммолар туғила бошлади. Тўлдиришга топширилган газ баллонларни 15-20 кунлаб, баъзида ойлаб кутишга тўғри келмоқда.

Қишлоқ одамларининг сўзларига қараганда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш Зарбдор тумани бўлими мутасаддилари баллонларни тўлдириш меъёрларига риоя қилишмаяпти. Аниқроғи, баллонларга белгиланган 20 килограммдан кам газ қуйилмоқда.

— «Ўзтрансгаз» АЖ корхонамизга бу йил 10 минг 867 тонна суюлти- рилган газ фонди ажратди, — дейди Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш ва ҳисобга олиш бўлими етакчи мутахассиси Исроил Сиддиқов. — Бу ҳар ойда ўртача 915 тонна суюлтирилган газ олиш имконини беради. Ёки бугунги кундаги мавжуд истеъмолчиларнинг ҳар қайсисига ўрта ҳисобда ойига 12 килограммдан суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ҳар бир истеъмолчи икки ойда битта тўлдирилган газ баллони билан таъминланади, дегани.

Демак, муаммонинг илдизи аниқ. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Табиб табибмас, дард чеккан табиб дейишганидек, тошкесганликларнинг газ баллонлари тўлдирилиши билан боғлиқ жараёнга нисбатан ўз хулосалари, норозиликлари бор.

«Икки ой газсиз қолдик»

— Илгарилари бир нави эди, — дейди қишлоқнинг Янгиобод кўчасида яшовчи Асрор Қўнғиров. — Битта баллондан бир ой бўлмаса-да, 28 кун фойдаланар эдик. Энди газчилар бир баллонга мўлжалланган миқдордаги газни иккитага солишяпти, чоғи. Шу боис тежаб ишлатган тақдирда ҳам битта баллон 15 кунга етмаяпти. Лекин тўлов ўша-ўша — 21 минг сўмдан. «Ишбилармон»лар ҳам бўйидан, ҳам энидан уришяпти. — 69 ёшдаман, — дейди Олмазор 2-берк кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Мамаюсуф Маматқулов. — Турли баҳоналар билан 2 ой газсиз қолдик. Газ баллонларимизни тўлдириб беришмади. Набираларим ноябрь, декабрь ойларида газ тарқатиш шохобчасига қатнаб чарчашди.

— Одамларни биргина суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлар қийнаётгани йўқ, — дейди тошкесганлик меҳнат фахрийси Тўрабек Ашуров. — Электр таъмино тидаги узилишларни айтмайсизми?

Янги йилдан буён хонадонлар таъминотдан кунига 4 мартагача узиляпти. Газ баллон билан келинлар фақатгина чой қайнатиб, овқат пиширишади. Кир-чир, қозон-товоқ, ювиниш — буларнинг барчасига иссиқ сув керак. Ана шундай пайтда электрнинг қадри газникидан ҳам кўпроқ бўлмоқда.

«Ҳовлим тўла газ баллон»

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида қишлоқдаги суюлтирилган газ тарқатиш шохобчасига йўл олдик. Шохобча Сафар Бегалиевнинг хонадонида ташкил этилганидан ажабландик. Гап шундаки, ҳовлининг ўртасига юз чоғли газ баллони териб қўйилган. Хонадоннинг тандир-ўчоғидан унча олисликда бўлмаган масофада сақланаётган баллонлар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зид равишда турибди.

— Иложсизликдан буларни шу ерда сақлаяпман, — дейди С.Бегалиев. — Тўғри, бирорькор-ҳол бўлса, портлаш эҳтимоли ҳам бор. Лекин илож қанча. Фуқаролар йиғини мени аҳолига суюлтирилган газьетказиб бериш Зарбдор тумани бўлимига вакил этиб тайинлаган. 860 та газ баллонини қабул қилиб, аҳолига тарқатаман. Хизмат ҳақига одамлар газ баллони нархига 1000 сўм қўшиб тўлайди. Идишларни алоҳида сақлайдиган жой қилиб беришса, айни муддао бўлар эди. Ҳарқалай бола-чақадан четроқда бўлса, яхши-да. Хуллас, шу йилнинг ўтган даврида вилоят газ таъминоти корхонаси 642,32 тонна газ келтирди. Унинг 497,78 тоннаси аҳоли хонадонларига етказиб берилди. Январь охирлаётган бўлса-да, тошкесканликлар ҳозиргача 450 та тўлдирилган газ баллони билан таъминланди. Ҳали 410 та газ баллон эгалари идишларнинг

қачон тўлдирилишини кутиб туришибди. Бундай ҳолатни вилоятдаги 199 та қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам кузатиш мумкин. Мутасадди ташкилотлар мазкур воқеага муносиб ечим топишади, салкам 200 қишлоқ одамлари эса қишнинг қолган даврини муаммосиз ўтказишади, деган фикрга ишонгимиз келиб, Тошкесгандан узоқлашдик.

Mahalladosh.uz

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университетига Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода Азиз ташриф буюрди...

Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов учрашди. Мулоқотда икки...
10-10-2024, 17:23

Самарқанд давлат университетига Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов ташриф буюрди…

Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов учрашди. Мулоқотда СамДУ...
10-10-2024, 17:19

Самарқанд давлат университетида “Салжуқийлар тарихий географияси – Туркистон” III халқаро симпозиуми ўз ишини бошлади…

Нуфузли анжуманда Туркия, Эрон, Бельгия, Руминия, Озарбайжон, Ироқ, Фаластин каби давлатлардан 40 га яқин олимлар ва юртимиздаги олий...
10-10-2024, 17:15

Самарқанд давлат университети Туркиянинг Нежметтин Эрбакан университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади…

Самарқанд давлат университетида 9-11 октябрь кунлари "Салжуқийлар тарихий-географияси Туркистон" III халқаро симпозиуми бўлиб ўтади. Мазкур...
8-10-2024, 17:10

“Мурожаатдан даромадга 5 қадам”: амалий натижалар

Одамларнинг дардини ҳис этиш, оғирини енгил қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш бугун давлат идоралари раҳбарлари ҳамда масъуллари...
4-10-2024, 20:52
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Кўмир ҳам йўқ, газ ҳам ёхуд газ баллон қачон келади?