"Ўзсаноатқурилишбанк” биносини таъмирлаётганлар иш ҳақини ололмаётгани маълум бўлди

"Ўзсаноатқурилишбанк” биносини таъмирлаётганлар иш ҳақини ололмаётгани маълум бўлди
Ўзбекистондаги йирик тижорат банкларидан бири бўлган “Ўзсаноатқурилишбанк“ бош офиси жойлашган бинони капитал таъмирдан чиқаришни режалаштирган. Албатта, буни банк раҳбарияти яхши ниятда амалга оширишгани табиий. Ҳар бир эзгу ният ижобат топса, бу нур устига аъло нур бўларди.

Аммо ҳар бир эзгу ниятни амалга ошириш йўлида бу бошқалар учун зарар келтирмаслиги, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб қўймаслиги керак. Афсуски, мазкур қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориш жараёнида бўлаётган воқеалар кишини дилини хира қилади.

Таҳририятимизга айнан мана шу қурилиш объектида ишлаётган бир гуруҳ ишчилардан мурожаат келиб тушди, дейди "Халқ сўзи online". Мурожаатдан кейин вазиятни ўрганиш учун қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектга бордик. Маълум бўлишича, у ерда асосан, ҳеч қандай расмий шартномаларсиз, шунчаки оғзаки келишув асосида келган қурувчи-усталар ишлашар экан. Бир неча гуруҳлардан иборат бўлган бригадалар объектнинг маълум қисмини таъмирлаб бериш бўйича келишган ва иш олиб боришяпти. Оғзаки келишув бўйича улар олган объектини маълум қисмини, мисол учун, беш кун ичида тугатиб беришга ваъда қилган, иш берувчи эса ўша беш кунлик ишдан сўнг уларга келишувнинг маълум қисмидаги иш ҳақини бериши керак бўлган. Яъни ишчилар худди авансга ўхшаган миқдорда маълум иш ҳақини олиши керак бўлган. Бизга мурожаат қилган бир гуруҳ ишчилар эса 10 кундан ошиқ муддат ишлашмоқда. Дастлабки ваъда қилинган қисмни таъмирлаб бўлишган, лекин уларга ҳали-ҳамон ваъда қилинган пул берилмаяпти. Берилган ваъдалар энди турли баҳоналарга алмашган.

“Имкони бўлса, бизни исм-фамилияларимизни ошкор қилманг. Чунки ҳозир матбуотда номимиз билан чиқсак, ишлаганимиз учун ҳам ҳақимизни бермайди булар“, дейди қурилишда меҳнат қилаётган бригадалардан бирининг бошлиғи. Унинг айтишича, у мазкур объектни таъмирлаб бериш бўйича ишни қурилиш-таъмирлаш ишларини тендерда ютиб олган бош пудратчи ташкилотдан эмас, балки шунчаки қурилишнинг “қора бозори“да ўртакашлик қиладиган бошқа бир бригадирдан олган экан. Кейин билиб қолишларича, ўша “ўртакаш“нинг ўзи ҳам бу объектни бошқа бир каттароқ “ўртакаш“дан олган. У ўртакаш, янаям каттароғидан, ниҳоят бу “каттароғи“нинг охирги алоқаси бош пудратчи ташкилотга бориб тақаляпти. Яъни бир сўз билан тушунтирганда, қурилишни амалга ошираётган уста, иш ўзига етиб келгунига қадар нақ тўртта “ўртакаш“дан ўтиши керак бўляпти. Бир қарашда устадан кўра, савдони ўртасида турган ўртакаш кўпдек. Ўзимиз жайдари тилда айтганда, ишчидан бошлиқ кўп...

Деворга моляр-сувоқ ураётган ишчилардан 1 кв.м. учун неча пул ваъда қилишганини сўраганимизда, жавобни эшитиб очиғи бироз ҳайратга тушдик. 1 кв.м. учун улар 6 минг сўм ҳақ олишга рози бўлишган экан... Агар қурилишга ишингиз тушган бўлса ёки уйини, бошқа объектини таъмирлатган бирорта танишингиздан ҳам сўрасангиз, моляр-сувоқнинг 1 кв.м. аслида бозор нархида қанча бўлишини биласиз. Янада аниқроқ бўлиши учун бошқа усталар билан боғланиб нархни билдик. Маълум бўлдики, ўртача қилиб олганда ҳам мазкур усталар салкам уч баравар арзонроқ нархга ишлашаётган экан. Уч баравар.

Албатта, айтишингиз мумкин, усталарнинг ўзи шунга розилик берганку, ўзларида айб деб. Худди шу сабабдан ҳам биз бу саволни уларга бердик ва жавоб қуйидагича бўлди.

“Тўғрисини айтсам, буни арзон нарх эканини билардик. Бир неча сабаблар туфайли бунга рози бўлдик. Биринчидан, қиш мавсуми бўлгани сабабли ҳозир иш топиш бироз қийинроқ, шу боисдан ҳам нимадир қилиб, рўзғор тебратишимиз керак-ку! Яна бир сабаб бизни узоқ вилоятдан келиб кетишимиз учун харажатлар, кейин иссиқ жон, лозим бўлса, дори-дармонлар ва яна қўшимча майда харажатлар бу пулга киритилмаганди. Шуларни ҳам қўшса, бизни ишга ёллаган бригадиримиз квадрати учун 8 минг сўмдан ҳақ олишини айтган. Биз бунга рози бўлганмиз. Лекин энг асосий сабаби бу сувоқни оддий режа тортмасдан (халқ тилида “на глаз“) бор текислигича қилишимизни айтишганди. Албатта, режа тортиб қилиш нархи бутунлай бошқача бўлади ва у кўпроқ вақтни олади. Бу таклифни эшитиб ҳам рози бўлгандик. Чунки “на глаз“ни иши осонроқ ва тезроқ битарди. Шунга ҳам арзон нархга кўнгандик. Қабул қилувчилар эса энди бутунлай бошқа шартларни айтишди. Шунда ҳам улар айтгандек қиляпмиз, лекин ваъда қилинган пулдан дарак йўқ“, дейди қурувчилардан бири.

Шундан сўнг вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида банк мутасаддилари билан боғландик. Бир неча уринишлардан кейин улар банкнинг қурилиш бўйича масъул шахс билан боғлаб беришди. Қурилишга масъул раҳбар бизга тендер шартлари, тендерда ютиб чиққан пудратчи корхона ҳақида маълумот беришни истамади. Ҳаммасига “Банк сири“ни сабаб қилиб кўрсатди. Бу ерда меҳнат ҳуқуқлари, инсоннинг қадр-қиммати ҳақида гап кетаётгани, норозилик бўлаётганини тушунтирганимиздан сўнг, улар фақатгина пудратчи ташкилот муҳандисининг қўл телефонини беришга рози бўлди.

“Биз қурилишни пудратчига топширганмиз. Нима қилса, ўзлари ҳал қилади. Биз пулини тўлаймиз, улар таъмирлаб беради“, дея жавоб берди банк мансабдори.

Бир тарафдан уларнинг гапига қўшилиш мумкин. Қоида бўйича, тендер шартлари бўйича масъуллик пудратчи ташкилот зиммасида бўлади. Аммо пудратчи ташкилотда каттагина пул тўлаб бераётган банк, наҳотки, ўз биносида қандай қурилиш бораётганига қизиқмаса? У ерда ишлаётган одамларнинг норози эканини эшитиб ҳам бирор чора кўрмаса?..

Бизку ҳеч бўлмаса муҳандис билан боғланиш имконияти туғилганидан хурсанд бўлиб, унга сим қоқдик. Ўзини Хуршид деб таништирган ходим (кўринишидан биз алоқага чиққунимизга қадар, унга ҳам банк ходимлари чиққани ва биз унга алоқага чиқишимизни айтиб бўлгани сезилиб турганди). Муҳандис қўнғироғимиздан ҳайрон бўлмади. Худди кутгандек гап бошлади ва кутилганидек у ҳам тендер, пудратчи ташкилот ва бошқа маълумотларни беришни истамади.

“Очиғи, ишчилар нимадан норози бўлишганини тушунмадим. Ҳозир бу ерга етиб келиб, ким норози бўлганини (кутилганидек ҳамма воқеалардан хабардор) суриштирдим. Биз ишини тугатганларга пулларни вақтида беряпмиз. Ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Тўғри, баъзи бир ишчиларнинг ишидан қониқмаганимиз сабабли, уларга жавоб бериб юбордик. Берилган ишни кўнгилдагидек қилмагандан кейин унга пул ҳам бермаймизда, албатта“, дея гап бошлади муҳандис.

Қизиқ, барчаси у айтаётгандек жойида бўлса, ҳеч ким норози бўлмаса, нега унда банк ходими ҳам, пудратчи корхона ходими ҳам ҳаттоки, ташкилот номини ҳам айтишни истамаяпти? Тендер бўйича ҳеч қандай маълумот бермаяпти?

Муҳандисга худди шу саволларни бердик. Қўшимчасига вазиятни ўша ердан бориб ўрганганимизни ишчиларнинг нима сабабдан норози бўлаётганини тушунтирдик. Ҳар бир квадрат метр сувоқ учун 6 минг сўмдан ҳақ олишга келишганини айтганимизда дарҳол жавоб берди:

“Бўлмаган гап. Исталган одам моляр-сувоқ нархи бу даражада арзон бўлмаслигини билади. Бу уларни ишга ёллаган бригадирларининг ноинсофлиги ва ўша одамларнинг ўзи шунга кўнганидан. Чунки нарх умуман бошқача бўлади. Мен сизга аниғини айта олмайман, лекин бу деярли уч баравар фарқ қиляпти“.

Энди тасаввур қилинг. Ҳаммаси жойида деб турган муҳандиснинг ўзи тан оляптики, бу нарх ўртада турган бригадирларнинг, ўша “ўртакашлар“нинг иши эканини. Хўп, буни билишар экан, хабардор бўлишган экан, нега таъмир сифатига жавобгар бўлган пудратчи ташкилот бу билан қизиқмайди? Айнан ўша тўртталаб “ўртакашлар“ қўлидан ўтаётган усталар қилган ишни улар топширишадику? Эртага сифат бўйича бригадир фақат оғизда жавоб бергани билан ҳаммаси жисмоний меҳнатда ҳал бўладику? Афсуски, бу саволларимизга муҳандис айтарли жавоб бермади. “Мен ҳаммани қанча нархга ишлаётганини билмайман, чунки уларнинг ўзлари айтишмайди“ деган жавобни эшитдик холос.

Барчасини қонунда кўрсатилган ҳужжатлар бўйича расмийлаштирганини айтган пудратчи ташкилот қурилишнинг ўзига келганда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, шунчаки оғзаки келишувлар асосида келган, меҳнат ҳуқуқи тугул, бошқа ҳуқуқлари ҳам кафолатланмаган оддий ишчиларга таянмоқда. Албатта, бунинг сабаби аён, бундай тоифадаги ишчи кучи нисбатан арзонроқ, кези келганда, “эплолмадинг, жавоб сенга!” деган қабилидаги жавобни эшитиши ҳам осонроқ бўлган фуқаролар.

Техника хавфсизлиги мавзусинику умуман гапирмаса ҳам бўлади. Капитал таъмирлаш кетаётган ҳудудда техника хавфсизлигига риоя қилинган бирорта ҳолатни кўрмайсиз. Усталарга махсус кийимлар, бош кийимларку умуман берилмаган ҳам. Иситиш учун электр печларидан фойдаланишяпти. Бу ёнғин хавфсизлиги талабларига қанчалик мос, буниси ҳам катта сўроқ остида...

Афсуски кўпчилик шу ҳолатга ҳам рози бўлиб ишлаяпти. Пулини ололмаётган бўлсада, умидини сўндирмай ишлашда давом этяпти. Меҳнат ҳуқуқлари эса поймол бўлишда давом этяпти.

Ушбу мақолани тайёрлаётганимизда яна ёлланма ишчилар телефон орқали мурожаат қилиб, “26 кундан бери ишладик. Тўғри, бошида аванс беришди. Якуний тўловга келганда эса, ишимиздан камчилик ахтариб, келишган маблағнинг ҳам бир қисмини уриб қолишди. Яънибир миллион беш юз ўттиз олти минг бериши керак эди. Бир миллион беришди. Биз ўн икки киши ишладик. Ҳисоб-китоб қилсак, кунига етти минг сўмдан пул ишлабмиз. Энди Қашқадарёга кетишимиз керак. Такси пули ҳар бир кишига 70-80 минг сўм атрофида экан. Улар берган пули йўлкирага етса ҳам катта гап. Оиламни, бола-чақамни қишлоқда қолдириб, салкам бир ой меҳнат қилиб, уйга қуруқ қўл билан қайтиш, қанчалик алам қиларкан...” деб қолишди.

Шундан сўнг биз яна Хуршид исмли пудратчи ташкилот муҳандисига телефон орқали уландик. У бизга мурожаат қилган 12 кишига ўртада турган “ўртакаш”дан қолган беш юз минг сўмдан кўпроқ маблағни ундириб берибди...

Бу ўртада қанча ёлланма ишчилар уйларига қуруқ қўл билан қайтиб, оиласи олдида ҳижолатдан юзи шувут бўлди экан, бу ёғини ўртадаги “ўртакаш”лару ёлғиз Худога аён!

“Халқ сўзи Online “мазкур масалага тегишли ташкилотлар эътибор қаратиб, зарур чораларни кўради, деб умид билдириб қолади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университетига Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода Азиз ташриф буюрди...

Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов учрашди. Мулоқотда икки...
10-10-2024, 17:23

Самарқанд давлат университетига Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов ташриф буюрди…

Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов учрашди. Мулоқотда СамДУ...
10-10-2024, 17:19

Самарқанд давлат университетида “Салжуқийлар тарихий географияси – Туркистон” III халқаро симпозиуми ўз ишини бошлади…

Нуфузли анжуманда Туркия, Эрон, Бельгия, Руминия, Озарбайжон, Ироқ, Фаластин каби давлатлардан 40 га яқин олимлар ва юртимиздаги олий...
10-10-2024, 17:15

Самарқанд давлат университети Туркиянинг Нежметтин Эрбакан университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади…

Самарқанд давлат университетида 9-11 октябрь кунлари "Салжуқийлар тарихий-географияси Туркистон" III халқаро симпозиуми бўлиб ўтади. Мазкур...
8-10-2024, 17:10

“Мурожаатдан даромадга 5 қадам”: амалий натижалар

Одамларнинг дардини ҳис этиш, оғирини енгил қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш бугун давлат идоралари раҳбарлари ҳамда масъуллари...
4-10-2024, 20:52
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » "Ўзсаноатқурилишбанк” биносини таъмирлаётганлар иш ҳақини ололмаётгани маълум бўлди