Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина олганларга эмланганлик ҳақида сертификат берилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда шприц, хавфсиз қутилар таъминоти ва бошқа керакли жиҳозлар учун 6 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган ва ҳозирда улар сотиб олиняпти. Шунингдек, ушбу жараёнга 10 мингдан ортиқ вакцинаторлар, патронаж ҳамширалари, 33 мингдан ортиқ шифокорлар жалб қилинган.
Юсупалиев шунингдек, биринчилардан бўлиб эмланадиганларнинг электрон рўйхати тузилаётганини айтди. Шу билан бирга, emlash.uz сайти яратилиши, у ерга вакцина олган кишилар рўйхати киритиб борилиши ва уларга сертификат берилиши маълум қилинди.