“Тошкент шаҳар сув таъминоти” икки нафар ходимлари – бўлим мудири ва директор ўринбосари ушланди. Улар пора олаётганда қўлга олинган.
Маълум бўлишича, Юнусобод туманида тадбиркор бекатни ижарага олган ва у ерга сув қувури ҳамда ҳисоблагич ўрнатиб, уни ҳужжатлаштириш учун “Сувсоз”га мурожаат қилган. Бу орада корхона ходими тадбиркорнинг хатти-ҳаракатини ноқонуний деб баҳолаб, уни жаримага тортмаслик учун 3 млн сўм сўраган. Ушбу ҳолатдан кейин тадбиркор ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ бўлим бошлиғи Ҳ.М. ариза муаллифидан 3 млн сўмни олаётганда ушланган. Ҳ.М. ушбу пулларни “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ директор ўринбосари П.Р.нинг топшириғига кўра олганини айтган. Тадбир давом эттирилиб директор ўринбосари 1,8 млн сўмни олаётганда ушланган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ходим ва директор ўринбосари қонуний тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.