Халқ вакиллари фаолиятига танқидий назар
Давлатимиз раҳбари 2018 йил якунларига бағишлаб Парламентга қилган мурожаатида вакиллик органлари фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, ушбу органлар ишига доир қатор танқидий фикрларни билдирди.
“Ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак.
Қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади.
Афсуски, биронта туманда халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилгани йўқ.
Маҳаллий вакиллик органларининг асосий таркибини ташкил этувчи депутатлар фаолияти бугун амалдагидан кўра фаоллашуви ва жадаллашуви лозимлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу ўринда, биринчи навбатда, депутатларнинг ўзидан ташаббус ва уйғоқлик талаб қилинмоқда.
Улар-чи? Улар нима қилишаяпти?...”
Халқ депутатлари кенгашлари нима иш қилаяпти?
Халқ депутатлари кенгашлари жойларда халқ ҳокимиятини амалга оширувчи орган сифатида демократик бошқарувнинг энг самарали воситаси ҳисобланади. Халқ вакилларининг асосий иши Кенгаш фаолиятида иштирок этиш, унинг қарорлари орқали жойларда халқнинг иродасини ифода этишдан иборат.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатлари келтирилган.
Қонунни ўқисангиз, унда маҳаллий кенгашларга катта ваколатлар берилганига гувоҳ бўласиз: ҳокимлару прокурорлардан ҳисобот сўраш, бюджет, мулк тақсимотида иштирок этиш, исталган эшикка монеликсиз кириб бора олиш ва ҳоказо.
Аммо амалда ушбу ваколатлардан етарлича фойдаланилмаётгани, халқ депутатлари кенгашлари ўзларининг ҳокимият ваколатидан фойдалана олмаётгани сир эмас. Кенгаш мажлислари қарсакбозлик билан ўтади, ортиқча саволлар берилмайди, ташаббуслар кўрсатилмайди...
Ўз навбатида, ижро ҳокимияти органлари ҳам халқ депутатлари кенгашлари олдидаги ҳисобдорлик туйғусини етарлича ҳис этмайдилар. Ҳисобот бериш ва депутатларнинг саволларига жавоб қайтариш масаласига масъулият билан ёндашмайдилар. Депутатлар ижро ҳокимияти вакилларининг ўзларига ҳисоб беришдан бўйин товлашлари, Кенгаш мажлисларига келмасликлари ҳақида куйиб-ёниб гапиришади.
Депутатларнинг фаоллашуви учун нималар зарур?
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун фуқаролар ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол бўлиши лозим.
Аммо воқелик шундайки, фуқаролар маҳаллий ўзини ўзи бошқариш фаолиятига суст аралашадилар, ўзларининг шахсий манфаатлари тўқнаш келмагунча, бу тизим билан деярли ишлари бўлмайди.
Бу фақат ўзбек жамиятида эмас, бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам кузатиладиган ҳолдир. Одамлар ўз ҳаёти, иши, шахсий муаммолари билан банд бўлиб, фуқаролик позицияси ва ижтимоий фаолликдан чекиниб бормоқдалар.
Шундай шароитда халқ вакили сифатида маҳаллий кенгашлар депутатлари қандай йўл тутиши керак? Фуқароларни фақат “ёрдам бер”, “талабимни қондир”, деган позициядан “ёрдам бераман”, “бирга ишлаймиз”, деган томонга ўтказиш учун нималар қилмоқ керак?
Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролик ташаббуслари, қонунчиликка таклифлар, бошқарувда фаол иштирок этиш каби масалалар қачон биринчи ўринга чиқади?
Депутатларнинг ўзи қачон уйғонади?
Ҳозирда депутатларнинг асосий вазифаси ўз-ўзини ташкиллаштириш ва бошқариш эмас, фуқароларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг жойларда амалга оширилишини таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда.
Бюджет тақсимоти юқори даражада марказлашган шароитда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш механизмининг самарадорлиги суст бўлиши табиий эди. Чунки боғча ва мактабларни молиялаштириш, йўл қуриш ёки уй-жой таъминоти масалаларида маҳаллий кенгашларнинг имкониятлари чекланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.
Фуқаролар буни биладилар, шу сабабли маҳаллий депутатлардан кўра хорижий грантлар асосида ишлайдиган нодавлат нотижорат ташкилотларига кўпроқ мурожаат қиладилар.
Фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига ишончи пасайгани сайин бу органнинг иш самараси ҳам тушиб кетаверади.
Сўнгги йилларда маъмурий бошқарув юкининг маълум қисмини марказдан ҳудудларга бериш йўлида қатор ишлар қилинмоқда. Президент Фармони билан ҳудудларнинг бюджет параметрларини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича депутатларнинг роли оширилди.
“Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарорларига мувофиқ туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ҳамда харажатлари ҳажмларини тасдиқлаш бўйича уч иш куни ичида қарорлар қабул қилади” (Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси, 27-модда).
Бу халқ депутатлари Кенгашларига берилган муҳим ваколатлардан биридир. Чунки Кенгаш шу ваколатидан фойдаланиб маҳаллий даражадаги муаммоларни тубдан ҳал эта олиши мумкин.
Олайлик, депутат у ёки бу муаммони депутатлик сўрови ёки бошқа имкониятларидан келиб чиқиб бир марта ҳал қилиб бериши мумкин (масалан, маҳаллага сув келтириб беради). Бироқ у Кенгаш депутати сифатида мажлисда бюджет тақсимотига масъулият билан ёндашса ва маблағни муаммоли соҳага йўналтира олса, ўнлаб маҳаллалар ичимлик суви билан таъминланиши мумкин.
Қолаверса, сўнгги йилларда маҳаллий бюджет тақсимоти соҳасида қатор прогрессив ўзгаришлар қилинмоқдаки, бу халқ депутатлари кенгашлари ва хусусан, депутатларнинг ўзида ҳам катта имкониятлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Маълумот учун: 2018 йилда солиқ маъмуриятчилигининг моҳиятан янги тартиби жорий этилгани сабабли солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 триллион сўм маблағ қолдирилди. Бу 2017 йилги кўрсаткичларга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан 32 баробар кўпдир.
Депутатлар ана шу маблағларнинг мақсадга мувофиқ сарфланишида шахсий масъулиятларини ҳис этишлари ва бюджет тақсимотида фаол ва ҳушёр бўлишлари замон талабидир.
Маҳаллий ҳокимият органлари ҳам, ўз навбатида, депутатларнинг фаоллигини рағбатлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалий ёрдам кўрсатишлари зарур. Масалан, депутатларга фаолияти учун зарур бинолар ва техника воситаларини тақдим этиш, давлат хизматчилари ва фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш соҳасидаги билимларини оширишга ёрдам бериш улар олдида турган вазифалардандир.
Лекин амалда бу борада ҳам аҳвол яхши эмас. Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев бу ҳақида ўзининг телеграм каналида ёзди. Тошкент вилоят Зангиота туманининг Ўрта Овул қишлоғида ҳамда Янгийўл шаҳрида депутатнинг сайловчилар билан учрашувига маҳаллий ҳокимият органлари томонидан беписанд муносабат билдирилганини афсус билан қайд этди.
“Президентимизнинг “Депутатга беписандлик халққа беписандлик”, деган баҳога келишлари шунчаки бўлмаганлигини яна бир бор англаб турибман.
Эҳ... бу ишлар депутатни обрўсини тўкиш ва бир четда туриб кулиш учун атайин уюштирилмаганлигига қаттиқ ишонгим келаяпти”, деб ёзади Р.Кушербоев.
Олий Мажлис депутатига шундай муносабат бўлса, маҳаллий даражадаги депутатларнинг аҳволини тасаввур қилиб кўраверинг.
Улар депутатлик орқали халққа амалий фойда етказа олмасликдан, ижро ҳокимиятининг халқ ҳокимияти вакилларига нисбатан муносабатидан иштиёқлари сусайиб, шаштлари сўниб бораётганини айтадилар.
Аммо бошқа томондан, ҳамма ҳам Расулдек куйиб-ёнадиган депутат эмас-да. Бу соҳага турли шахсий манфаатларни кўзлаб кириб қолганлар, лоқайдлар, лаганбардорлар, масъулиятсизлар ҳам, афсуски, талайгина.
Мақолани ёзиш жараёнида ўзимнинг телеграм каналимда кичик бир сўров ўтказдим. “Сизнинг-ча, одамлар нима учун депутат бўладилар?”, деб икки ярим минг кишилик аудиториядан сўрадим. “Дахлсизлик ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш учун”, деган жавоб энг кўп овоз олди (47 фоиз). Энг кам — 2 фоиз овоз эса “Фидойилиги учун”, деган вариантга берилди.
Халқнинг депутатларимизга ишончи, афсуски, шу даражада.
Сайловчилар билан қандай ишланаяпти?
Депутатнинг асосий вазифаларидан бири сайловчилар билан мулоқот қилишдир. Халқ сайлаган вакиллар, аввало, халқнинг ўзи билан ишлашни билиши, фуқаролар билан яқин мулоқотда бўлиши, омма уни таниши, ҳурмат қилиши ва унга муаммоларини айта олиши керак.
Депутатларимиз мурожаатлар билан қандай ишлаяптилар? Муаммоларни қай тарзда ва қайси даражада ҳал этмоқдалар?
Сирдарё вилоят туман кенгаши депутатларидан бири ўз тажрибасидан қуйидаги мисолни сўзлаб берди:
“Бир аёл мурожаат билан келди: эри 2012 йилда автоҳалокатдан сўнг тос суяги синиб юролмай қолган. 7 йилдан бери хонадан ташқарига чиқмаган. Шу сабабли охирги пайтлар сиқилиб, тинмай йиғлайдиган бўлган. Бориб аҳволни кўрдим, чиндан ҳам моддий ночор оила. Эркак чиндан ҳам қаттиқ тушкунликда. “Ҳеч бўлмаса битта аравача топиб беринг”, деди эркак. Шаҳар шифохонасининг бош врач ўринбосарига телефон қилиб аҳволни тушунтирдим. “Опа, бизда бўш аравача йўқ”, деди. “Унда вафот этганларнинг рўйхатини қилиб, улар ишлатган аравачаларни йиғинг”, дедим. Бир ҳафта аввал икки оёғи кесилган Ҳожи бобо оламдан ўтган эди. Ўшанинг аравачаси бекор ётган экан, олиб келди. Санитаркалар ювиб-тозалаб беришди. Ногиронлиги бор шахсга элтиб бердик. Муаммо шу тарзда ечилди”.
Ушбу ҳолат депутатларимизнинг бугунги кунда муаммоларни қай тарзда ечаётганларига бир мисол бўлгани учун мақолага киритилди.
Депутат фаол бўлса, фуқароларга у ёки бу ҳодиса, ҳолат юзасидан ёрдам бериши мумкин, аммо ушбу масалаларни тубдан ҳал қилиш учун маҳаллий кенгашлар сессияларида уларни кўтариш, бюджет тақсимотида ижтимоий ҳимоянинг улушини ошириш масалаларини олиб чиқиш ҳоллари, афсуски, жуда кам учрайди.
Муаммолар эса, тубдан ҳал этилмаса, эргашиб юраверади.
Бугун халқимиз ва Президентимиз депутатлардан кўп нарса кутаяпти. Шундай шароитда депутатлик фаолиятини жадаллаштириш ва замон талабига мослаш нақадар муҳимлигини англаш қийин эмас.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА,
журналист
журналист