Афсуски, сўнгги вақтларда тез тиббий ёрдамнинг суст ишлаши, чақирув бўлган жойга 1 соат ёки ундан узоқроқ вақт ўтгач етиб келиши ҳақида эътирозлар қулоққа тез-тез чалинади. Хўш, бундай кечикишларга сабаб нима? Чиндан тиббий ёрдам ходимлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашадими? Ёки техника воситаларининг етишмаслиги билан боғлиқми?
Ҳолат
Бугун юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Бироқ тизимни такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолаётир.
Хусусан, «Тез ёрдам» бригадаларининг чақирув жойига ўз вақтида етиб бормаслиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бу эса аҳолининг ислоҳотларга ишончини сусайтириши мумкин.
— Расмий маълумотларга кўра, тез тиббий ёрдам 15- 20 фоизга кечикади, — дейди Республика шошилинч «Тез ёрдам» илмий маркази Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслонов. — Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Биринчи навбатда, айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар фаоллашган вақт бўлгани боис мурожаатлар икки баробарга ортган. Табиийки бу жараёнда, иш ўзи-ўзидан секинлашади. Шунингдек, чақирувларни рўйхатга олиш, тез ёрдам бригадаларининг жўнатилиши билан боғлиқ жараён автоматлаштирилган тизимга ўтказилмаган. Бу ҳам маълум фурсатни талаб этади. Яъни мурожаат келиб тушгач, оператор бўш турган тез ёрдам машинасини қидириши ва унга чақирувни етказишигача бўлган давр оралиғида вақт тўхтаб турмайди. Шу каби оворагарчиликларни бартараф қилиш мақсадида жорий йил 1 апрелгача тез тиббий ёрдамнинг мурожаатларни қабул қилиш хизмати тўлиқ автоматлаштирилган тизимга ўтиши режалаштирилган. Бунинг самарасида 15 дақиқада битадиган масала 1 дақиқадаёқ ҳал бўлади.
Сабаб
Республика шошилинч «Тез ёрдам» илмий маркази Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясидан маълум қилишича, тез тиббий ёрдамнинг кечикишига асосий сабаблардан яна бири асоссиз чақирувлардир. Мурожаатларни саралашнинг амалдаги тартиби мавжуд куч ва воситаларни энг муҳим чақирувларга хизмат кўрсатиш учун йўналтириш имконини бермайди, натижада ёлғон чақирувлар сони ошмоқда ёки сурункали касалликлари авж олган, бироқ ҳаёти хавф остида бўлмаган беморларга хизмат кўрсатилмоқда. Яъни бирламчи тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган, даволаш курсларини ўташи лозим бўлган фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг ортиши чиндан тез ёрдамга муҳтож беморларга етиб бориш вақтини ортга сурмоқда. Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясида мурожаатлар 36 та диспетчер томонидан қабул қилинади. Қўнғироқлар ана шу кўрсаткичдан ошган тақдирда, телефонлар ўз-ўзидан банд бўлади.
«Тез ёрдам»да дорилар етарлими?
Яна бир масала, «тез ёрдамда оддий дорилар ҳам бўлмайди», деган эътирозлар ҳам учраб туради. Бу ҳам янглиш тушунча. Зеро, тез тиббий ёрдам учун аниқ рўйхат бўйича бўлиши шарт бўлган биринчи ёрдам дорилари тасдиқланган. Бугунги кунда рўйхатда кў рсатилган дорилар билан тез ёрдам бригадалари 100 фоизга таъминланган.
Бир жиҳатга эътибор бериш лозим. «Тез ёрдам» даволаш билан эмас, балки даволашгача бўлган даврда биринчи ёрдамни кўрсатиш билан шуғулланади. Айтайлик, қон босими ошган фуқарога қон босимини вақтинча тушириш ва даволаш бошлангунга қадар бўлган вақтда меъёрида ушлаб туриш тез ёрдамнинг асосий вазифасидир. Бироқ аксарият фуқароларда тиббий маданиятнинг етишмаслиги туфайли касал беморлар томонидан шунчаки қон босимини тушириш учун ҳам бир кунда 3-4 маротаба тез ёрдам чақириш ҳолатлари кўп кузатилади. Натижада бирламчи тез тиббий ёрдамга муҳтож беморларга боришда кечикишлар юзага келади. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаган ҳолатлар эса аянчли якун топиши мумкин.
Ечим
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.
— Мазкур қарор доирасида «Тез ёрдам» хизматида бензин, дори ёки автомобиллар билан боғлиқ барча муаммолар тўлиқ бартараф этилди, — дейди Илҳом Аслонов. — Фақатгина «Тез ёрдам» машиналарининг етишмовчилиги учраб туради. Бироқ бу муаммо ҳам тез орада ҳал қилиниши белгиланган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда пойтахт миқёсида тез ёрдам автопарклари тўлиқ янгиланган. Яъни хизматдаги автоуловларнинг барчаси соз ҳолатдаги янги машиналар. 1 апрелгача бутун республикадаги автопарклар ҳам тўлиқ шай ҳолатга келтирилади. Энг асосийси, тизим «Hunday» ва «Toyota» русумли замонавий тиббиёт уловлари билан таъминланмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясида 35 та ана шу русумдаги тез ёрдам автомобиллари мавжуд. Жорий йил якунигача Президент қарори доирасида ичи тўлиқ тиббий амалиётларни ўтказишга мўлжалланган 75 та замонавий тез ёрдам автомобиллари келтирилади. Шунингдек, тоғли ҳудудлар аҳолисига ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида йўлтанламас типидаги автомобиллар ҳам амалиётга татбиқ этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 2020 йилдан бошлаб тез ёрдам тизимида авиация хизмати ҳам йўлга қўйилиши белгиланган. Натижада хизмат номига мос равишда тез бўлиши таъминланади.
Бу жараёнда соҳа ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи ҳам асосий вазифалардан биридир. Шу боисдан Президент қарорида таълим тизими босқичларида сифатли кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий амалий марказида тиббиёт соҳасига оид кадрлар бирламчи тиббий ёрдам бўйича малака оширишмоқда.
Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тиббиёт соҳаси илғор ривожланган давлатларда малака оширишлар ташкил этилади. Жорий йилда тез ёрдам тизимидаги 97 нафар мутахассис хорижий давлатларга юборилиши режалаштирилган.
Хулоса
Шифокорлик – масъулиятли, шу билан бирга, шарафли касб. Қалби либоси каби оппоқ бўлган ушбу касб эгаларининг беминнат кўрсатган хизматлари, касбига бўлган садоқати туфайли қанча-қанча инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Улар савобли меҳнатлари ортидан инсонлар кўнглига қувонч, хурсандчилик улашади, обрў қозонади. Аммо баъзи ҳолатларда маънавиятсиз инсонлар томонидан тиббиёт ходимларининг асоссиз калтакланиши киши дилини хира қилади. Афсуски, бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Шу боисдан аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, шифокорларни ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини ишлаб чиқиш зарур.
Халқ орасида, «Шифокорга ишинг тушмасин», деган гап юради. Давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл мақсади эса «Яхшиям шифокорлар бор!» деган қарашни шакллантиришдан иборатдир. Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.
Манба: Mahalladosh.uz