Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган мавзу - айрим турк сериалларини кўрмаслик учун нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат берди. У ўзининг фейсбукдаги саҳифасида қуйидагича пост қолирган:
"Турк сериалларининг ёшлар тарбиясига салбий таъсири ҳақида кўп танқидлар бўлаяпти. Юз фоиз қўшиламан, бунақа сериаллар ёшлар тугул яхшигина оилаларни ҳам бузиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Оила аъзоларимни телевизордан бироз узоқлаштириш учун нима қилса бўларкин, деган савол анчадан буён ўйлантириб юрганди. ТВ каналлар ҳали бери рейтинг ортидан қувиб ҳар қандай мазасиз нарсаларни кўрсатишдан тўхтамайдиганга ўхшайди. Ишонасизми охири йўлини топдим: оиламиз жам бўлиб овқатланадиган хонамиздан телевизорни ҳайдадик ёки уни ўзини ташлаб бошқа хонага кўчдик деса ҳам бўлади. Натижада эса биз кўпроқ мулоқот қилаяпмиз, ким кун бўйи нима қилди, қандай янгиликлар каби. Телевизор эса ҳар замонда "Болажон"дан мультфильм кўриш учун ёнади холос. Сериал периалга жой ҳам вақт ҳам йўқ вассалом. Тавсия қиламан, ўзгаришни дарров сезасиз.
ТВ каналлари инсофга келмагунча телевизордан ҳоли турмуш билан яшашга қарор қилайлик", - дейди депутат.