Тошкентда 20 ёшли йигит ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб оламан деб 1400 долларга куйиб қолди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, пойтахтда яшовчи йигитнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ЙПХ ходимлари томонидан олиб қўйилган бўлган. Фуқаро уни қайтариб олиш учун 24 ва 21 ёшли танишларига мурожаат қилган. Улар ўз навбатида танишлари орқали “права”ни олиб беришини, унинг хизмат ҳаққи 1400 доллар бўлишини айтган. Йигит уларга айтилган пулни 2020 йилнинг сентябрь ойида берган. Лекин улар ваъдасини бажаравермагач йигит ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Суриштирувлар давомида юқорида қайд этилган икки нафар йигит ишсиз экани, аслида ҳеч қандай таниши ҳам йўқ экани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “Б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.