Пойтахтнинг Учтепа туманида яшовчи фуқаролар 8 та кварталда фоҳишалар ва гиёҳвандлар тўпланаётггани юзасидан ИИВ вазирига мурожаат қилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Подробно нашрининг ёзишича, Заргарлик кўчасида, аниқроғи Шуҳрат дўкони ва Туркистонбанк рўпарасида ҳар тунда фоҳишалар тўпланмоқда ва бунинг оқибатида шовқинсурон ҳамда тартибсизиклар содир бўлмоқда. Фоҳишалар олдида автомобиллар турнақатор бўлиб туриши оқибатида бошқа транспорт воситаларига ҳалақит бермоқда. Таъкидланишича, ушбу ҳолат мазкур ҳудудда яшовчи аҳолининг тунги вақтда хотиржам дам олишига ҳалақит қилаяпти. Маҳаллий аҳоли ҳолат юзасидан тегишли туман органларига мурожаат қилган, лекин натижаси бўлмаган. Айтишларича, фақатгина тунги вақтда сиренали автомобиллар ҳаракати кузатилган холос. Бу эса муаммо ҳал бўлишига туртки бўлмаяпти.
Шунингдек, туманда аяшовчи аҳоли дорихоналарда турли хил псиохотроп дори воситалари савдоси авж олганини ҳам таъкидлаган. Ушбу ҳолат ёшларнинг мазкур ҳудудда тўпланишига, қолаверса дори таъсирида бу шахсларнинг аҳолига ҳужум қилишига ҳам сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Аҳоли маҳаллий органларга мурожаатдан сўнг муаммо ҳал бўлмагани учун ИИВ вазирига мурожаатида ҳолатни ўрганиш учун топшириқни айнан яна маҳаллий органларга бермасликни, балки уни вазирлик доирасида ҳал қилинишини сўраган.