Маълум бўлишича, каналда “Шахризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт-Одиссей” мультсериалларида 2 та беҳаё саҳна акс этган кадрлар эфирга узатилган. Ушбу ҳолат юзасидан телеканал муносабат билдирди.
Афсус билан шуни тан оламизки, болаларда янгиликка интилиш, уларни жаҳон маданий мероси билан таништириш, атроф-муҳитни ўрганишга қизиқиш уйғотишга қаратилган контент танланганига қарамай, унинг ичида кичик ёшдаги болалар учун номаъқул бўлган саҳналар инсон омили сабаб эфирга узатилган.
“Ақлвой” телеканали ҳар жиҳатдан ҳали жуда ёш ва жорий йилнинг 22 мартидан бошлаб тест режимида эфирга узатиб борилмоқда. Том маънода каналимиз энди оёққа турмоқда. Йўл қўйилган хатолар, албатта, каналимизнинг келгусида эҳтиёткорликка амал қилишига, унинг янада яхшиланиши, қизиқарли ва фойдали бўлишига туртки бўлади”, дейилади телеканал муносабатида.
Таъкидланишича, телеканалнинг барча ходимлари танбеҳ олган. Шунингдек, улар “Болаларни уларнинг соғлигига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари билан таништириб чиқилган ва ушбу қонун бузилиш ҳолатларида интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилган.
“Контент назорати кучайтирилиши учун қўшимча ходим ишга олинади. Келажакда юқоридаги каби хатоларга йўл қўйилмаслик учун дубляж билан шуғулланаётган компаниялар билан қўшимча келишувлар амалга оширилди. Энди уларга маънавиятимизга зид бўлган лавҳалар ҳақида маълумот бериб туриш мажбурияти топширилади”, дея таъкидланган телеканал муносабатида.