Ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) «ЎзА»да чоп этилган эссесида пойтахтни Тошкент шаҳридан Жиззах вилоятига кўчириш таклифини берди. Бу ҳақда xabar.uz маъулм қилди.
«Мен шундай таклиф киритаман: Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, Бошкентни мамлакатни нисбатан ўрталиғи бўлмиш – Жиззах ўлкасига кўчириш керак. Хусусан: Ғаллаорол-Булунғур туманлари оралиғидаги бепоён (Юқори нуқтагача) бўшлиққа. Аниғи: Помир тизмаларидан Ғўбдин тоғига қадар ястаниб ётган водийга, гўзал Зомин тоғлари этакларига, Боғдоннинг (Фориш, Фориш туманига Боғдон номи берилса, тарихий ҳақиқат тикланади) Қизилденгиз (Ҳайдаркўл) билан туташган ясси тоғлар оралиғидаги афсонавий чўлларга» деб ёзади ижодкор.
Мамадали Маҳмудов «пойтахт» сўзидан кўра, эски туркий сўз – «бошкент» сўзи маъқулроқ эканини ҳам таъкидлаган.
«Тошкент юртимизнинг энг четида қарор топган. Шу ноқулайлик билан бирга лойсувоқ кулбалар пала-партиш ва зич қурилган. Янги бинолар бунёд этиш учун уларни бузиш, кулба эгаларини яшаш жой билан таъминлаш лозим. Бунга қанча пул кетади? Менимча: миллиардлар...
Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларида қурилса, миллиард-миллиард долларлар тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган бўш ва баҳаво гўзал ерлар мавжуд» дейди ёзувчи пойтахт шаҳар қурилиши учун ер масаласида гапира туриб.
Сув муаммосини ҳал этишда Сангзор ва Зарафшон дарёларидан ирмоқ тортиш, ерости сувларидан фойдаланиш ва Айдаркўл сувини чучуклаштириш таклифи берилган.
Олдинроқ, блогер Ғайрат Йўлдош ҳам пойтахтни Жиззахга кўчириш таклифи билан чиққанди.