Бугун ижтимоий тармоқларда аҳоли ва ички ишлар ходими ўртасида содир бўлган можаро видеоси тарқалди, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири. Видео телеграм каналларда эълон қилинди.
Видео изоҳида ходим маст ҳолатда бўлгани ва 80 ёшли отахонни ниқоб тақмагани учун куч ишлатиб олиб кетаётгани айтилган. Пойтахт ИИББнинг изоҳ беришича, ҳодиса бугун, 8 июль куни соат 10:40 ларда Шайхонтоҳур туманида содир бўлган. 49 ёшли фуқаро ички ишларга мурожаат қилиб, 86 ёшли отаси маст ҳолатда жанжал кўтараётганини айтган ва ёрдам сўраган. Шундан сўнг воқеа жойига ички ишлар ходими етиб келиб, отахонни ички ишлар бўлимига олиб бормоқчи бўлган. Ушбу вазиятда эса ишга қўшнилар аралашиб, нотўғри талқин қилиб, ходимнинг ишига қаршилик кўрсатган. Бошқарманинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилишлик учун текширув ўтказилмоқда.
Шунингдек, ички ишлар ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинлаган. Унинг ҳам ҳаракатлари ўрнатилган тартиб қоидаларга мослиги тўлиқ ўрганилиб, қонуний баҳо берилади.