Табиий савол туғилади: дорихоналарга бу қадар талаб ва эҳтиёж кучайганининг боиси нимада? Одамлар озиқ-овқат ўрнига дори истеъмол қилишни фойдали билишадими ёки юртимизда касалликлар шу қадар кўпайиб кетдими?
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан расман тан олинишича, Ўзбекистонда неча йиллардан буён хавфли, юқумли касалликлар кузатилмаяпти. У ҳолда нега дори-дармон савдоси умумий савдо айланмасида ҳануз салмоқли ўринни эгаллаб турибди? Бу соҳа бизнеснинг энг фойдали, қулай ва ишончли турига айланганида қандай асос бор? Асос шуки, талаб бор! Кишилар ойлик маоши ва пенсия пулининг бир қисмини фақат дори сотиб олиш учун сарфлаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Фикримизни давом эттиришдан аввал, бир воқеага тўхталиб ўтсак. Бундан уч йил илгари хизмат сафари билан Австриянинг Вена шаҳрига бордик. Сафаримизнинг иккинчи куни ҳамроҳларимиздан бирининг тиши оғриб қолди. Унинг ҳолатини кўрган делегация раҳбари сафимиздаги ёшроқ йигитга оғриқ қолдирувчи дори топиб келишни илтимос қилди. Буни қарангки, Вена шаҳри ва немис тилини мукаммал биладиган ходим анча ҳаяллаб келди. Дастлаб у адашиб қолдимикан, дея хавотирландик. Кейин билсак, Европанинг қоқ марказидаги шаҳарда саноқли дорихона бор экан. Шунда кимдир: «Ўзимизнинг Андижонга борсангиз ҳам тезроқ қайтардингиз», дея ҳазиллашган эди.
Шунга ўхшаш яна бир воқеа мавзунинг нақадар долзарблигини очиб берди.
Халқаро ташкилотлардан бири Андижонда семинар-тренинг ташкил қилди. Германиядан келган таниқли экспертлар машғулотлардан сўнг тамомила янгиланаётган эски шаҳарни завқ-шавқ билан томоша қилдилар. Айниқса, деҳқон бозоридаги сархил мевалардан кўзлари қувонди. Меҳмонлардан бири кечки таом пайти ўз таассуротларини ўртоқлашар экан, кутилмаганда бошқа тарафдан гап очди:
— Сизларда бирон юқумли касаллик тарқалганми? — сўради у.
Ҳайрон бўлиб, бош чайқадик:
— Йўқ, нега сўраяпсиз?
— Шаҳрингизда ҳар қадамда дорихона бор экан, яна кўпчилиги одамлар билан тирбанд...
Тўғриси, оддийгина саволга жўяли жавоб қайтариш қийин кўчди. Рости, ўзимиз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканмиз. Аслида ушбу мавзуни ўрганишга ҳам шу суҳбат сабаб бўлди.
Бу масалада бевосита фармацевт мутахассислардан бир хил жавоб эшитдик. Улар бу ҳолатни мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имкониятлар очилганлиги ва аҳолининг ўз сиҳат-саломатлигига эътибори ортгани билан изоҳлашди.
Хўжаобод туманидаги «Сарқамиш» маҳалласи фаоли, фахрий спортчи Нўъмон ота Усмоновнинг эса бу масалада фикри бошқачароқ:
— Сиҳатни кўзлаган меҳнатга, ўйингоҳга, маданият ва истироҳат масканларига, сайру саёҳатга югуради. Мана, саксон ёшдан ўтдим, худога шукр, ҳали бирон марта дори ёки малҳамга эҳтиёж сезмадим. Аммо бекор ўтирмайман, бир йигитнинг ишини бажара оламан.
Оқсоқол ҳақ гапни айтди. Бироқ барибир кишиларда соғлиқни тиклаш, қонни суюлтириш, қон босимини ушлаб туриш учун дори ичиб туриш зарур, деган тушунча ҳам йўқ эмас.
Республика тез шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали кардиология бўлими мудири Лазизбек Авазбеков ушбу масалага ўзгача ёндашди.
— Одамлар фармацевт билан шифокор мутахассисликларини адаштириб қўйишган. Бирон
аъзоси оғриса, кўпчилик шифохона қолиб, дорихонага югуришади. Яна бир ноқислик шуки, билиб-билмай муолажани бошлаб юборишади. Биргина қон босими хасталиги учун энг зарур ва айнан ўша беморга мос тушадиган дори топиш кераклигини билишмайди. Натижада касалликни даволаш муддати чўзилиб, яна дори-дармонга эҳтиёж кучаяди.
Яна бир сабаб шуки, кишилар ўта замонавий тиббиёт аппаратлари ва жиҳозларига ружу қўйишган. Илгари ота-боболаримиз рентген текширувидан йилига бир марта ўтган бўлишса, энди ундан ўн баробар кучли нур чиқарувчи аппаратларни тез-тез «зиёрат қиладилар».
Қолаверса, ҳозир юртимизда дори препаратлари кўп ишлаб чиқарилаётганига қарамай «импортний»ларни хуш кўрувчилар ҳам оз эмас. Бу ҳол саломатликка билиб-билмай зиён етказиши ҳеч гапмас.
Андижон руҳий хасталиклар шифохонасида ярим аср ишлаб, саксон ёшида ҳам фаол ижтимоий ҳаёт кечираётган Ёқубжон ота Маткаримовнинг фикрича, ривожланган мамлакатларда қайси ҳудуддан касалликка чалиниш камайса, ўша жойда ишлаётган шифокорларнинг маоши шунча ортади. Бизда эса бунинг акси. Демак, бемор кўпайишидан шифокор ҳам манфаатдор-да...
Худди шу ҳолатни доришуносларда ҳам кузатиш мумкин. Агар бемор дори-дармон билан шифо топиши мумкин бўлганида, бугунги дорихоналарнинг тенг ярми ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин эди. Айни пайтда дориларни экспертизадан ўтказиб туриш даврийлиги ҳам талаб даражасида эмас.
Юртимизда дорихоналар кўпайиб бораётгани ва дори-дармонга эҳтиёж камаймаётгани юзасидан фикримизни якунлар эканмиз, «Аммо нега?» деган саволга бир мақолада аниқ жавоб топиш қийинлигини таъкидлашни истаймиз. Шу боис ушбу мавзуда мутасадди, мутахассис ва муштарийларимиздан жўяли фикрларни кутиб қоламиз.
«Mahalla»