Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши Қурбон ҳайитини нишонлаш ҳамда вакцина бўйича яна бир фатвони эълон қилди, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири.
Идора коронавирус касаллиги тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этиш кераклигини таъкидлаган.
Шунингдек, пандемия даврида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, вакцина олмасликка даъват этиш, унинг таркиби ҳақида уйдурмалар тарқатиш дуруст эмаслиги таъкидланди. Идора шифокорлар билан келишган ҳолда эмланиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.