Ассалому алайкум Давлатжон.
Сизни бугунги тарихий ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман.
Сиз бутун дунё нигоҳи қаратилган Япония пойтахти Токио шаҳрида Ўзбекистон ёшларини нималарга қодир эканлигини амалда кўрсатдингиз. Ватанимиз байроғини юксакларга кўтардингиз. Сизнинг ғалабангиз 34 миллионлик Ўзбекистон халқига фахр-ифтихор, миллий ғурур бағишлади.
2021 йил 28 июл санаси жаҳон спорт тарихига, Самарқанд давлат университети битирувчиси Давлат Бобоновнинг “Токио-2020” Олимпиадасининг бронза медалини қўлга киритгани, олтин ҳарфлар билан ёзилишига, муҳрланишига ишонаман.
Сизнинг бу ғалабангиз - Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спортга, спорт илми ривожига кўрсатаётган эътибори, чексиз ғамхўрлигининг ёрқин намойишидир. Сизнинг бу оламшумул ғалабангиз - Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб совғадир.
Мен Самарқанд давлат университети жамоаси номидан Сизни самимий табриклайман. Биз Сиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Сизни дунёга келтирган отангиз -Ҳусниддин Бобоновга, онангиз Нурия Бобоновага ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман. Сизга таълим-тарбия берган устозларингизга ҳам раҳмат.
“Токио 2020” Олимпиадасида қатнашаётган Самарқанд давлат университети талаба ва битирувчиларига омадлар тилайман. Биз Сизлардан фақат ғалабалар кутиб қоламиз, дея табрик йўллади ректор.
Эслатиб ўтамиз, Токиода бўлиб ўтаётган ёзги олимпияда баҳсида дзюдо бўйича эркаклар ўртасидаги -90 кг вазн тоифасида Давлат Бобонов иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритган эди. У сўнгги баҳсда туркиялик Михаэл Зганкни мағлуб этди.