Президентимизнинг 2019 йил 6 март куни қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар орасида атоқли олимлар, шоир ва адибларнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам бор. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.
-Мен учун бу кун ҳаётимдаги унутилмас кунлардан бири бўлди,- дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг рафиқаси Марям Шариатулаева. - Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзлари менинг ёнимга келиб, “Дўстлик” орденини топширганларида тўғриси жуда ҳаяжонланиб кетдим. Давлатимиз раҳбари раҳматли Одил акани ёдга олдилар ва уларнинг ижодларига юқори баҳо беришларини алоҳида таъкидладилар. Бу нафақат бир аёлга, ижодкор рафиқасига балки, адабиётга бўлган эътибор намунасидир.
Фармонга биноан Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафаева, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг умр йўлдоши Гулчеҳра Воҳидова, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг рафиқаси Ўлмас Ҳошимова ҳамда Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Саломовалар “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
– Менга берилган мукофотни юртимизда меҳнат қилаётган барча таржимонларга қаратилган эътибор деб биламан, – дейди таржимон, “Дўстлик” ордени соҳибаси Раъно Азимова. – Шу ўринда кейинги йилларда ўзбек адабиётини хорижда тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтган йили ташкил этилган халқаро форумда кўплаб хорижий нашрлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Белорусь, Болтиқбўйи давлатларида чоп этиладиган рус тилидаги даврий нашрлар ҳам бугунги кунда ўзбек адибларининг асарларини ўз ўқувчиларига тақдим этиш истагини билдирмоқда. Ўз навбатида, бугунги кунда бадиий, тарихий, илмий асарларни хориж тилларига ўгира оладиган таржимонларни тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз кечаги тадбирдаги табрикларида фарзандлар тарбияси ҳақида гапирарканлар, “болаларимизга уй олиб берсак, эскийди, машина олиб берсак, у ҳам бир кун келиб ишдан чиқади, аммо фарзандларимизга берилган билим бутун умрга татийди” дедилар. Ҳақиқатан ҳам ёшларнинг иқтидорини ривожлантиришда гап кўп. Масалан, бадиий адабиётни бошқа тилга ўгирганда таржимондан образга кириш, сўз бойлиги, ўхшатишлар, метафоралар, синонимларни тўғри танлай билиш талаб этилса, диний ва тарихий асарлар билан ишлаганда соҳага доир терминларни ўрганиш, тарихий, диний билимларга эга бўлиш талаб этилади. Демакки, таржимон нафақат тилни билиши, балки турли соҳаларни ўрганиши, доимий изланишда бўлиши керак.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг рафиқаси Раъно Азимова кўплаб ўзбек адибларининг асарларини рус тилига таржима қилиш баробарида ўнлаб китобларга муҳаррирлик ҳам қилган. Уларнинг меҳнати туфайли Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров, Эркин Аъзам, Ҳайриддин Султон, Ҳамид Исмоил, Усмон Азим ва кўплаб бошқа ёзувчиларнинг асарларини рус тилида ҳам ўқиш имкони пайдо бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол” асарининг бир нечта томининг русча варианти, кўплаб эртак китоблар ва дарсликлар ҳам юқори маҳорат билан таржима қилинган.