Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Абдулазизова 15 март куни 68 ёшида вафот этди.
Дилбар Абдулазизова 1951 йили Тошкент вилоятида туғилган. У ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган. «Баҳор қайтмайди» видеофильмидаги Муқаддамнинг дугонаси Лобар роли билан халқ эътиборига тушган.
1973 йилдан буён Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида ижод қилган актриса «Қизил қалпоқча», «Сеҳрли соатча», «Минг бир кеча», «Мешполвон», «Қор маликаси» сингари 100 дан зиёд саҳна асарларида турли характердаги қаҳрамонларни ижро этган.
2000 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2013 йилда эса Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Оилали, бир ўғил ва бир қизнинг онаси эди.