Тошкент шаҳридаги Олой” бозорининг номини ўзгартириш таклиф қилинмоқда, дея хабар қилмоқда ЎзА мухбири.
Хўш, “олой” сўзи қандай маънони билдиради?
Ҳазрат Алишер Навоий асарларини ўқиётиб, “олой” сўзига дуч келдим ва табиийки, унинг маъносини билгим келди. Маълум бўлишича, “олой” сўзи араб ёки форс тилидан олинмаган. Аксинча, асли туркий сўз бўлиб, “булғатувчи” деган маънони англатади ва омонимлар гуруҳига кирмайди (“Навоий асарлари луғати”, тузувчи: С.Иброҳимов, Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1972 йил). Халқимиз нутқида учрайдиган май олой (яъни май юққан) ва чеҳра олой (яъни қаллоб) каби иборалар бунга исбот бўла олади. Энди бир ўйлаб кўринг, пойтахтимиздаги нуфузли бозорни наҳотки шундай ном билан аташ мумкин бўлса?
Қизиғи, “Олой” деҳқон бозори тарихи ҳақида деярли маълумот йўқ. Одамлардан сўрасангиз, бусиз ҳам ташвишлари етарли эканини айтишади. Бозор маъмурияти ҳам валломат эмас: елка қисиб қўйишдан нари ўтишмайди. Ажабо!
Энг ажабланарлиси, 12 жилдли “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да (2001 йилда чоп этилган) ҳам, 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (2007 йил) на “Олой” бозори ва бу жойнинг тарихи, на “олой” сўзининг луғавий маъноси ҳақида бирор сатр ҳам маълумот берилмаган.
Хайриятки, бозорнинг расмий сайти — oloybozor.uz да ғиж-ғиж имло хато ва ғализ жумлалардан иборат бўлса-да, қуйидаги маълумотлар келтирилган (матн таҳрирсиз берилмоқда – муаллиф):
“1936 йиллар даврида Тошкент шаҳарининг Қашқар маҳаласида асосан рус миллати яшаб келган бўлиб, улар уйда етиштирилган “Алое” тувак кўчатларини олиб чиқиб бўш майдонда савдо қилганлар. Аста секин ушбу майдондаги одамлар сони кўпайиб кетди. Маҳаллий бошқарув органлар томонидан шу ерга бозор қуриш тўғрисида қарор чиқарилиб, номини “Олой бозори” деб номланган. Давлат мулкини бошқариш тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан, Вазирлар Махкамасининг 1996 йил 5 мартдаги 82-сонли қарорга асосан “Олой бозори”, “Олой деҳқон бозори” Очиқ Акционерлик Жамиятига айлантирилиб 1996 йил 12 майдан бошлаб фаолият кўрсатиб келмоқда”.
Кўриб турганингиздек, “Алое” ва “олой” сўзлари ёзилиш жиҳатидан ҳам, ўқилиш жиҳатидан бир-бирига асло ўхшамайди.
Лекини бор. Бу халқимиз ва тилимизни таҳқирлаш эмасми? Ўзбек тилининг бойлиги ва жозибадорлигига нисбатан беписандлик эмасми? Бинобарин, тилимизда ҳар бир сўзнинг камида учта синоними бор. Биргина Навоийнинг шеърияти бунга яққол мисол. Аммо негадир бугунги кунда луғатимиздаги миллий руҳни акс эттирувчи сўзлар ниҳоятда камайиб кетмоқда. Тўғри ёзиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Агар ёшлар “олой” сўзининг қандай маъно англатишини билишмаса, бозор ҳақидаги умумий тушунча билан кифояланиб юраверишади.
Бунга чек қўйиш вақти келмадимикин? Аллақачон келган! Шу боис, Тошкент шаҳридаги машҳур гузар номини ўзгартиришни таклиф қиламан. Ўзбек тилининг мафтункорлигини инобатга олиб, “олой”ни нозу-неъматлар, емак-ичмаклар маъносини билдирувчи “Олоъ” сўзига ёки ўтмишда бу ерда гуллар савдоси амалга оширилгани сабабли “Гуллар бозори”га айлантириш ўринли бўларди, назаримда.
Зеро, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, “Ўзбек тилининг ривожи аҳамиятсиз ҳисобланган тарихимизнинг бойлиги ва улуғлиги тўғрисида гапириш миллатчилик саналган даврлар ўтди. Қадриятларимизни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган замон келди. Лекин ўриндан қўзғалишимиз қийин кечмоқда…”
Очиғи, ушбу масала юзасидан соҳа мутахассислари – таниқли тилшунос олимларимизнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик. Лекин жўяли бирор фикр ололмадик. Шу боис, мақолада билдирилган мулоҳазаларни мавзуга оид мунозаранинг ибтидоси деб билгайсиз. Агар ушбу масалада ўз фикрингиз билан ўртоқлашсангиз, бениҳоя хурсанд бўлар эдик...