Бундан деярли икки йил аввал — 2017 йил 10 августь куни «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинган. Ҳужжатда ушюманинг вазифалари аниқ-тиниқ кўрсатилган — оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, ахборот агентликлари ва Интернет нашрларида меҳнат қилаётган муаллифларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, журналист кадрларнинг профессионал маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштириш ва ҳакозолар.
Уюшма бу вазифаларнинг қайси бирини бажарди? Икки йил давомида нечта журналистнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилди? Қанча эҳтиёжманд ва фаол журналистлар имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминланди? Икки йил ичида нечта журналист муаммосини ҳал этиш учун уюшма эшигига бош уриб келди? Уларнинг қанчаси ҳал этилди? Афсуски, бу саволларга жавоб йўқ. Чунки амалда бу вазифалар бажарилмаган.
Ижтимоий тармоқларда айрим журналист ва блогерлар уюшманинг «Газета.uz» нашри муаллифи Никита Макаренкога билан боғлиқ можарони эслайди. Ўшанда уюшма томонидан давлат рўйхатидан ўтган нашр ходимига очиқдан-очиқ ноҳақликка йўл қўйилган эди. Ваҳоланки, уларнинг асосий вазифаси журналист манфаатини ҳимоя қилишдан иборат эмасми?
«Мени жуда қаттиқ таҳқирлашди, деб ўйлайман. Ҳайъат аъзолари мени тақдирламаслик ҳуқуқига эга эди. Ва шундай бўлса яхши бўларди. Бироқ тантанали маросим куни рўйхатдан чиқариш ғазабингизни қўзғайди ва бу шубҳасиз — қасддан камситишдир. Менинг фикримча, бу каби тадбирлар мустақил журналистлар учун эмас деган конкрет маънони англаш мумкин», — деб ёзган эди ўшанда журналист.
Кўпчиликда шундай савол туғилади: Ушюма раҳбарияти, унинг ходимлари бир йилда бир ёки икки марта танлов ўтказишдан ташқари нима иш билан машғул бўлади? Нега ҳар йили «Олтин қалам» мукофоти топширилгач журналистлар ўртасида норозилик кузатилаверади?
Уюшма билан боғлиқ муҳокамалар пайтида «Телеграм» каналларда шундай сўровнома ўтказилди: «Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳақида эшитганмисиз? Бу ташкилот фаолиятига қандай баҳо берасиз?»
Энг қизиғи, 10 мингдан ортиқ киши қатнашган ушбу сўровнома иштирокчиларининг ярмидан кўпи, яъни 60 фоизи «Шунақа ташкилот борми?» деган вариантни танлаган. Яна 32 фоиз иштирокчи «уюшманинг аҳволи чатоқ» деб ҳисоблайди. Атиги 9 фоиз овоз берувчига уюшма фаолияти маъқул келган холос.
Ўзбекистон журналистлари уюшмасига энг холис берилган баҳолардан бирида шундай ёзилади:
«Ўзбек журналистикаси оғир аҳволга тушишига, сўзсиз, тишсиз қолишига асосий сабабчилардан бири, шубҳасиз, журналистлар уюшмасидир. Журналистларни ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ҳимоя қилиши керак бўлган бу тузилма охирги йилларда сиёсатга кўр-кўрона бўйсуниш, журналистикани тарк этишни истамаган одамлар учун «санаторий»га айланиб қолганди.
Йигирма йилки, журналистларнинг ахлоқ кодекси муҳокама қилинади, лекин ҳалигача қабул қилинмаяпти. «Олтин қалам» ҳам ҳар йили шубҳали саволлар билан бошланади, шунақа саволлар билан тугайди.
Бугун уюшма раҳбари айрим танқидларни «одобсизлик» деб атабди. Гап ҳурматда эмас, гап соҳанинг ўлиб қолганидадир. Нормал жамиятда бу очиқча тан олинади».
Хулоса ўзингиздан.