“Распродажа” харидор учун тузоқ ёки арзон нархдаги фойдали харидми?

“Распродажа” харидор учун тузоқ ёки арзон нархдаги фойдали харидми?
“Нега бунча қиммат кийим-кечак сотиб оласиз?” деган саволга “Бадавлат эмасманки, арзон нарса олсам”, деб жавоб берган кишини ҳам, бу гапнинг мағзини ҳам яхши биласиз. Халқимизда, “арзоннинг оши (шўрваси) татимас”, деган нақл бор. Бироқ биз барибир арзон маҳсулот илинжида “Отчопар”у “Бекбарака”, “Ўрикзор”у “Дўстлик” қилиб айланаверамиз. Талабимиз ўша-ўша, яъни арзон ва сифатли бўлсин! Бозор кезсангиз тужжор йигитчаларнинг “распродажа”, деган қичқириғидан қулоғингиз қоматга келади. Худди молини текин тарқатаётгандек, кекирдагини чўзиб иддао қилаётган бу сотувчиларнинг ёнига борсангиз эски ҳаммом, эски тос – ўзингиз билган ўша нарх. Аслида бизга “распродажа”сининг кераги ҳам йўқ. Барибир савдолашамиз. Савдолашиб олинган молнинг баракаси бўлади, деган ҳикматга амал қиламиз.

“Скидка”, “Чегирма”, “Sale”, “Распродажа”, “Дисконт” сингари тушунчаларнинг пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ. Замонавий бозор билан бирга шаклланаётган ушбу тушунчалар қанчалар ҳаққоний? Чегирма асосида сотилаётган моҳсулотнинг сифати қай даражада? Сифати кўнгилдагидек бўлса, чегирма нархлари адолатли белгиланганми? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Azon.uz мухбири аҳоли фикрини ўрганди.

Маълумот ўрнида, “Распродажа” — “сотиб тугатиш” товар-маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилик муддати тугаб бораётганида ёки дўкондаги барча маҳсулотларни сотиб битириш зарурати туғилганида, уларни тан нархи қийматида сотиш ҳисобланади. Чегирмалар, бозорчилар таъбири билан айтганда, “распродажа” рутбаси билан сотиладиган маҳсулотлар кўпчиликни оҳанрабодек ўзига жалб қилади. “Бир кун туз тотган жойга қирқ кун салом” қабилида иш кўрадиган халқимиз чегирма ва “распродажа”лар харидорнинг “тилини қисиқ қилиш” усули эканига эътибор ҳам қаратиб ўтирмайди. Негаки, мижоз ўзига маъқул бўлган молни чўнтаги кўтарган нархда харид қилган дўконига ихлоси ошиб, тез-тез ўша дўконга киришга одатланади. Бир неча марта “распродажа” билан харидор “оғзини мойлаган” дўкондор учун бу айни муддао. “Ётиб қолгунича, отиб қол”ишни маъқул кўрадиган дўкон эгалари эса озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилик муддати тугашига бир баҳя қолганида чегирма асосида тез муддатда сотиб юборишга ошиқади. Хўш, бу “сийлов”дан харидорлар қай даражада мамнун?

Азиза Сафарова, уй бекаси: – Кийим-кечак, пойабзал дўконларида асосан мавсумий моллар чегирма билан сотилади. Бироқ кўп ҳолларда “Фалон фоизли чегирма” ёки “Распродажа” деган рўкач билан моллар аввал кўрсатилган нархида сотилаётганига ҳам гувоҳ бўлганман. Чегирма пайтида керак-нокерак маҳсулотларни ёппасига сотиб олишни оқламайман.

Мунис Расулова, ўқитувчи: – Мавсумий кийимларни чегирма пайти сотиб олиш ҳар доим ҳам фойдали харид ҳисобланмайди. Бу йил ёзда урф бўлган кийим-кечак кейинги ёзгача урфдан чиқади. Урфга қараб кийинмаган ҳолатда ҳам жавонда кераксиз кийимни тўплашдан нима наф? Маблағни мақсадли сарф қиладиган одам ҳеч қачон чегирма билан сотилаётган мавсуми ўтган маҳсулотларга учмайди.

Дилбар Ражабова, талаба: – Аксарият дўконлар харидорларга чегирма карточкалари таклиф қилади. Бу билан харидор ўша дўконнинг доимий мижозига айланади. Харидорнинг мобил телефонига янги моллар, акция ва чегирмалардан хабардор қиладиган SМS хабарлар йўлланади. Дўкондан қилган ҳар бир харид мижозга чегирма имкониятини оширади. Менда ҳам бир дўконнинг чегирма карточкаси бор. Бироқ харидим пайтида сотувчи томонидан ўтказилган сумма миқдори карточкамга тушган-тушмаганини билишим қийин. Балки дўконлар шу ҳолат билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўргансалар, фойдадан холи бўлмасди. Карточка билан боғлиқ яна бир ҳолат – чегирма ёки арзон сотув билан боғлиқ бошқа акцияларда чегирма карточкасидаги сумма инобатга олинмаслиги кишини таажжубга солади. Демак, чегирма карточкалари харидор фойдаси учун эмас, деган фикрга боради киши.

Маълумот ўрнида: Сотувчи товар номи, штрих коди (мавжуд бўлганда), ундан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва шартлари, кафолат муддати, хизмат қилиш ёки яроқлилик муддати, шунингдек кўрсатилган муддатлар тамом бўлганидан кейин харидор амалга ошириши керак бўлган зарур хатти-ҳаракатлар, агар товарлар кўрсатилган муддатлар тамом бўлганидан кейин харидорнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавф туғдирса ёки фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолса ёки шунга ўхшаш хавф келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар, товар нархи ва уни сотиб олиш шартлари тўғрисида харидорга қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарлар ҳақида маълумотлар бериши шарт.

Чегирма асосида сотиб олинган маҳсулотдан истеъмолчи зарар кўрса…

– Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз товарларини (ишларини, хизматларини) мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ҳақлидирлар, – дейди Давлат рақобат қўмитаси Реклама фаолияти назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бошқармаси бош мутахассиси Фаррух Мадаминов. – Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизмат)лар ҳақида мижозлар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади. Юқоридагиларга асосан, сотувчи (тадбиркор) ва истеъмолчи қонун ҳужжатлари талабларида белгиланган тартибда иш юритса, ўз мажбуриятларини бажарса ва ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланса савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилмайди.

Агар нотўғри реклама, товарларни чегирма асосида сотиш тўғрисидаги эълон оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланмаган тақдирда, харидни тасдиқловчи касса ёки терминал чеки билан нотўғри реклама ёки товарларни чегирма асосида сотиш тўғрисидаги эълон акс эттирилган фотолавҳани илова қилган ҳолда Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органларига ёзма ёхуд электрон равишда мурожаат қилишлари мумкин.

Маркетолог Шуҳрат Маҳмудов фикрларига кўра, юртимиздаги дўкон ва бозорларда, хизмат кўрсатиш ва сервис шахобчаларида йилнинг маълум ойларида фойдали харидларни амалга ошириш имкони мавжуд экан. Яъни, январь-февраль ойларида сайёҳлик чипталарини арзон нархда харид қилиш мумкин. Турар жой ва кўчмас мулк билан боғлиқ савдо-сотиқ ва ижарага олиш ишларини май-август ойларида амалга оширган маъқул. Шунингдек, ёз ойларида спорт заллари, фитнес клубларида ҳам нархлар пасайиши кузатилади. Ўқув қуроллари, ўқувчи-талабалар учун зарур моллар ноябрь- декабрь ва май-июнь ойларида арзон нархларда сотилади. Пардоз маҳсулотлари, тақинчоқлар ва бошқа зебу зийнат аксессуарларини эса йил давомида урфдаги ҳолати бўйича белгиланган қийматда сотиб олиш мумкин. Албатта, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари жаннатмонанд диёримизда баҳор ойларининг охиридан бошлаб, кузнинг сўнгги кунларигача харидорни қониқтирадиган нархларда сотилади. Мини ва микро тўлқинли печлар, газ плиталари ёз ойларида бироз арзонлашса, кондинционер ва совутгичлар ноябрдан апрель ойигача қисман арзонлашади.

Шунингдек, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари дўконларида байрамлар муносабати билан турли акция ва чегирмалар ташкил қилинади.

Пулни қандай топган инсон уни қандай сарфлашни ҳам яхши билади. Тежамкорлик билан “Арзоннинг шўрваси”га учишни ажрата олган харидор ҳеч қачон фойдасиз харид қилмайди ва ёлғон чегирмаларга алданмайди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » “Распродажа” харидор учун тузоқ ёки арзон нархдаги фойдали харидми?