“Мустақиллик байрамини Самарқанд давлат университетида кутиб олдик”

“Мустақиллик байрамини Самарқанд давлат университетида кутиб олдик”
Бу – ҳиндистонлик, германиялик, туркиялик, россиялик ва америкалик Ўзбекистон дўстларининг самимий эътирофи
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини нафақат халқимиз, балки Ўзбекистонимизнинг дўстлари ҳам кенг нишонламоқда.

Президентимиз номига давлат ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан келаётган самимий қутловлар ҳам буни тасдиқлайди. Бу йилги истиқлол шодиёнаси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилгани билан ҳам кўпчиликнинг ёдида қолади. Боғ марказида Мустақиллик монументининг очилиши ҳуррият айёмига янада ўзгача мазмун-моҳият, файз ато этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган маросимдаги нутқи яна бир бор Ватан озодлигини, қадр-қимматини ҳар биримизга англатди. Мамлакатимиз раҳбарининг нутқи нафақат юртдошларимиз, балки халқаро экспертлар, хорижлик таниқли олимлар томонидан ҳам қизғин кутиб олинди.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётган чет эллик илм-фан намояндалари ҳам мазкур тарихий нутқ ҳақида ўз-фикр мулоҳазаларини билдирмоқда.

Равиндер ГАРГИШ (Ҳиндистон), Осиё инглиз тили фани ўқитувчилари ассоциацияси президенти, Самарқанд давлат университети инглиз тили кафедраси мудири, профессор, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони соҳиби:

- Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигини ўзбек халқи билан бирга кутиб олганимдан ғоят бахтиёрман. Самарқанд давлат университетида 3 йилдан буён ишлайман. Фаолиятим давомида ўзбек халқини яқиндан ўргандим, қалбини англадим. Қадимий маданиятга эга халқингиз бутун дунёга улуғ маърифатпарварларни берган. Бу халққа мансуб олимлар дунё илм-фанида туб бурилиш ясаган, илғор мактабларга асос солган. Бу билан ўзбек халқи ҳар қандай таҳсинга, эътирофга, эъзозга лойиқ.

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида қуйидаги фикрларни илгари сурди: “Ҳиндистон ва Ўзбекистонни чуқур, тарихий ва цивилизацион алоқалар боғлаб туради. Ўтган йиллар мобайнида икки томонлама муносабатларимиз бир неча соҳаларни қамраб олди. Ахборот технологиялари, космос, атом энергетикаси, ривожланиш учун шериклик, соғлиқни сақлаш, таълим, фан ва техника ҳамда маданият шулар жумласидан. Бизнинг стратегик шериклигимиз кўп қиррали алоқаларимизни янада диверсификация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган”.

Халқларимиз ўртасидаги самимий дўстлик янада мустаҳкам бўлишини истайман. Бир зиёли сифатида ҳамкорликка ўз ҳиссамни қўшишга интилмоқдаман.

Президент Шавкат Мирзиёев илм-фанга, ёшлар тарбиясига, олимларга жуда катта ғамхўрлик кўрсатмоқда. Чет тилларини ўқитиш борасидаги давлат сиёсати алоҳида эътирофга сазовор. Ҳеч қайси мамлакатда Ўзбекистондагидек таълимнинг барча бўғини баравар ривожланаётгани йўқ. Ишонаманки, Ўзбекистон илм-фан ва таълим тараққиёти бўйича Осиёнинг энг кучли давлатларидан бирига айланади. Бунинг учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрами тантаналарини томоша қилдим, Президент нутқини эшитдим. Шавкат Мирзиёевнинг мана бу фикрлари мени жуда тўлқинлантириб юборди: “Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса, бутун жамиятимиз ўзгаради”. Мен ҳаётини таълим-тарбияга бағишлаган, жаҳон илм-фанидан хабардор инсон сифатида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикрлари дунёнинг ҳар бир таълим даргоҳи пештоқига ёзиб қўйилишини истардим. Ҳақиқатан ҳам, таълимни ўзгартирсак инсонни, жамиятни ўзгартира оламиз. Бу пурмаъно сўзлар нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё учун ҳам шарт ва зарурдир.

Волфганг ПЕТТРОФФ, Германиянинг Гёттинген, АҚШнинг Миссури университетлари маслаҳатчиси, профессор:

– Ўзбекистонга илк бор 1998 йилда келган эдим. Шундан сўнг 2007 йилда яна юртингизга ташриф буюриш имконияти пайдо бўлди. Учинчи сафарим Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрамига тўғри келди. Дўст халқнинг байрами – бизнинг ҳам байрамимиз. Мустақиллик ҳар бир халқ учун энг олий неъмат. Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётган хорижлик ҳамкасблар билан мулоқот давомида шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон таълим тизими бутунлай янгиланиш босқичида экан. Бу Ватанингиз танланган йўл тўғри эканидан далолат. Агар инсоният бутун дунёда бир хил таълимга эришганда эди, тараққиёт янада юксак бўларди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳасидаги стратегияси алоҳида эътиборга сазовор. Буни эътироф этиш керак. Биргина мана бу рақамларни олайлик: кейинги 5 йилда Ўзбекистонда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилибди, қабул квотаси 3 баравар оширилибди. Энг муҳими, ислоҳотлар тўхтаб қолгани йўқ. Шиддат билан давом этмоқда.

XXI асрда илм-фан мамлакатлар куч-қудратини белгиловчи бош омилга айланди. Илм-фан инсоният келажагини қандай бўлишини кўрсатиб бермоқда. Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам бугун таълим тизимига, илм-фанга мислсиз маблағлар ажратиляпти. Бунинг натижасида тараққиётда турли даражалар пайдо бўла бошлади. Қаерда олим эъзозланмаса, илм қадрланмаса, ўша жамият таназзулга юз тутади.

Мени қувонтиргани, Ўзбекистон раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати туфайли Самарқанд давлат университетининг ўзида кўплаб мамлакатлардан келган илм-фан намояндалари фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳамкорлик ва тажриба алмашинув ижобий натижасини беришига ишонаман. Бир ой давомида Самарқанд давлат университетининг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети талабаларига қурғоқчил минтақаларда илғор технологияларни қўллаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, иқтисодий ўсишни ташкил этиш ва экологик хавфсизлик мавзуларида маърузалар ўқийман.

Байрам БИЛИР (Туркия), Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси докторанти:

- Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини диққат билан тингладим. Ўзбек ва турк халқлари бир-бирини таржимонсиз тушунади. Мен ҳам нутқни мазмун-моҳиятини чуқур англадим, таҳлил қилдим. Ўзим учун жуда кўп ғоялар олдим.

Мени нутқнинг мана бу қисми ўзига тортди: “2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо бўлдик. Бу мамлакатимиз учун халқаро майдонда янги иқтисодий, сиёсий ва маданий имкониятлар очиб берди”. Тўғрисини айтиш керак, Туркий кенгашни Ўзбекистонсиз, унинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмасди.

Ўзбекистоннинг нафақат Туркия, балки Марказий Осиёдаги қардош, қондош мамлакатлар билан ҳам алоқаларида мураккаб даврлар бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсати туфайли бу музлар эриди. Ўзбекистон яна жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказидаги мамлакатга айланди. Нутқда таъкидланганидек, бугун жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Мустақиллик байрами муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган самимий тилаклар фикримиз далилидир: “Дўст ва қардош Ўзбекистон Республикаси Сиз, Жаноби Олийлари бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар таъсирида фаровонлик ва барқарорлигини ошириб, минтақанинг тинчлиги ва равнақига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Туркия ва турк халқи Ўзбекистоннинг ва ўзбек биродарларининг бу саъй-ҳаракатларида кеча бўлганидек, бугун ҳам эртага ҳам елкадош бўлишда давом этади”.

Тарих учун қисқа кейинги 5 йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон турк дунёси бирлашишида, ҳамкорлик, дўстлик, қардошлик алоқалари янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин эгалламоқда.

Бир пайтлар Мирзо Улуғбек мадрасаси – Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатган олиму мударрислар Истанбулга бориб, Усмонли турклар давлатининг олий таълим тизимига асос солган бўлса, бугун тарих такрорланмоқда, ўзаро алоқалар мустаҳкамланмоқда. Илмий ва ижодий ҳамкорлик тикланмоқда. Мен Самарқанд давлат университети докторантурасида таълим олиб, турк ва ўзбек тиллари тарихини тадқиқ этяпман.

Бугун Ўзбекистон муҳим тарихий жараённи бошидан кечирмоқда. Бу таълим ислоҳотларидир. Президент Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати туфайли Ўзбекистон бутун дунёга эшикларини очди. Ишонаманки, халқаро тажрибани ўрганиш, жаҳон илм-фанига интеграциялашиш ўзининг ижобий натижаларини беради. Ўзбекистон илм-фани қадим шон-шуҳратини тиклайди.

Виктор ЗИКРАТОВ (Россия), Олтой давлат университети доценти, педагогика фанлари номзоди:

– Ўзбекистонда бугун илм-фаннинг барча соҳаларида ривожланиш жараёни кечмоқда. Биргина мисол, Самарқанд давлат университети билан Олтой давлат университети ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик амалий ишларга кўчди. Мен бир йил давомида Самарқанд давлат университетида талабаларга рус тили ва адабиётидан дарс ўтаман. Шунингдек, докторант ва мустақил тадқиқотчиларга илмий маслаҳатчилик қиламан.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрами ўтаётган кунларда Самарқандга келдим. Дўстларимизнинг қувончига шерик бўлганимдан ғоят хурсандман. Чет эллик ҳамкасблар билан мулоқотда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ҳақида ҳам фикрлашдик.

Бугун Ўзбекистонда юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш жараёнини тубдан янгилаш ва яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётган экан. Бу таълим тизими ислоҳотларида жуда муҳим ўрин тутади. Мазкур жараён бутун мамлакат бўйлаб устувор бўлса, ривожланиш ҳам ўз-ўзидан юз беради. Президент нутқида таъкидланганидек, Ўзбекистонда бугун ёшларни олий таълим билан қамраб олиш 2016 йилдаги 9 фоиздан, 28 фоизга етказилибди. Бу шуни кўрсатадики, илм оламан деган ёшлар учун имконият мавжуд. Бу янги гап бўлмаса ҳам, яна бир бор такрорлашнинг зарари йўқ.

Илм-фан, ҳамкорлик, ўзаро алоқа, тажриба алмашиш орқали тараққий этади. Биргина Самарқанд давлат университетида Америка, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Германия, Жанубий Корея каби яна ўнлаб мамлакатлардан олимлар келиб, талабаларга дарс бераётгани илмий изланишлар олиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Анна ҲЕДРИЧ (АҚШ), Юта университети:

– Мустақиллик байрамини Самарқанд давлат университетида кутиб олдик. Ҳамкасбларим билан Президент Шавкат Мирзиёев нутқини тингладим. Кейинги беш йилда Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилгани эътиборимни тортди. Бу эътирофга лойиқ. СамДУга хизмат сафарига келганман. Асосий мақсадим, профессор-ўқитувчиларга халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этиш йўлларини кўрсатиш, халқаро илмий маълумотлар базасидан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар бериш.

Самарқанд менда жуда ҳам ёқди. Ўзбек халқи ғоятда самимий, меҳмондўст экан. Бу айниқса, Мустақиллик байрами кунларида янада намоён бўлди. Мен ўзбекистонлик дўстларимни Мустақиллик байрами билан табрикладим, улар ҳам мени қутлашди.

Ўзбекистонда кутубхоначилик соҳасига катта эътибор қаратилаётган экан. Самарқанд давлат университетида улкан китоб фондига эга кутубхона борлиги мени ҳайратлантирди. Айниқса, тарихий қўлёзмаларнинг мавжудлиги ва яхши сақланаётгани эътиборга сазовор.

Мустақилликнинг 30 йиллиги тарихий воқеа. Ўзбекистонда қисқа давр ичида жуда кўп ютуқлар қўлга киритилган. Бу жараён давом этмоқда. Байрам тадбирлари ўтказилган “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам жуда чиройли. Тошкентга борсам, албатта, боғ ва Мустақиллик монументини зиёрат қиламан.

Фаррух ҲАМРОЕВ,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати раҳбари

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » “Мустақиллик байрамини Самарқанд давлат университетида кутиб олдик”