Ўсмирлар ўртасида пичоқбозлик иллатининг илдизи қаерда?

Ўсмирлар ўртасида пичоқбозлик иллатининг илдизи қаерда?
Афсуски, кейинги пайтларда интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар ва умуман, оммавий ахборот воситаларида ўсмирлар ўртасида содир бўлаётган жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги нохуш хабарлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Айниқса, мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирокидаги даҳанаки жанжаллар, муаммони пичоқбозлик орқали ҳал этиш каби салбий ҳолатлар барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Бундай нохуш воқеаларни эшитаркансан, беихтиёр шу болалар азал-азалдан фарзанд тарбиясини энг масъулиятли бурч деб билган, «Бир болага етти маҳалла — ота-она» ақидасига амал қилган доно халқнинг фарзандларими, дея ёқа ушлайсан, киши.

Тўғри-да, қачондан бери ўзбек фарзандлари тенгдошлари билан бўладиган келишмовчиликларни пичоқ орқали ҳал қиладиган бўлиб қолди?! Улардаги агрессивлик, манманлик, ўзбўларманлик каби салбий иллатлар қаердан пайдо бўл­япти? Яратганнинг энг буюк мўъжизаси бўлмиш инсонга пичоқ орқали зарар етказиш учун «катта жасорат»ни бу ғўр болакайлар қайдан оляпти? Улар қайси оилада, қандай инсонлар қўлида тарбия топяпти? Уларнинг ота-онаси ким?

Бола ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди

— Ўсмир ёшидаги муаммолар, бу даврнинг ўзига хос хусусиятлари инсоннинг болалиги билан бевосита боғлиқ, — дейди Ўзбекистон психологлар ассоциацияси Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бўлими раҳбари Шоира Исоқова. — Агар фарзанд 1 ёшдан 8 ёшгача оилада осойишта муҳитда улғайган, у билан тез-тез дўстона мулоқотлар қилинган, шунингдек, бола ўзини намоён этишида ота-она томонидан доимо қўллаб-қувватланган бўлса, бундай ўсмирнинг ўтиш даври муваффақиятли кечади. Аксинча фарзанд кичик ёшида ота-онасининг доимий жанжали, уриш-тўполонлари, турли хил тазйиқлар остида камол топган бўлса, бу салбий ҳолатлар ўсмирлик даври келиб, унинг юриш-туриши, феъл-атворида бош кўтаради.

Ўсмирликка хос муҳим белгилардан яна бири шуки, бу пайтда одамда «мен»ини намоён қилиш ва доимий равишда ўзини катталарга тенглаштириш, уларга тақлид қилиш истаги кучли бўлади. Бу ҳам, ўз навбатида, уларда агрессив феъл-атворни юзага чиқаради.

Бола шахси тан олинмаса...

Энди балоғат ёшидаги йигит-қизлар ўртасидаги пичоқбозлик, турли хил жиноятларга мойилликлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, бунинг асосий сабаби бола шахсининг ота-она, мактабда устозлар, тенгдош ўртоқлари, синфдошлари томонидан тан олинмаслиги билан боғлиқ. Бундай ўсмирлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш учун зўрлик ишлатиш, атрофдагиларга кучини кўрсатиб қўйиш, бақир-чақир қилиш орқали барчанинг эътиборини тортишга уринади, ўзининг етакчилик ўрни учун тиш-тирноғи билан тиришади. Керак бўлса, сўнгги чора сифатида рақибига жисмоний жароҳат етказиши ҳам мумкин.

Биринчи бўлишни истайди

Хўш, масала аниқ экан, бу каби феъл-атворга эга бўлган йигит-қизларни мактабда, оилада қандай тарбия қилиш лозим?

Бундай ўсмирлар доимо биринчи бўлишга интилади. Демак, уларни, энг аввало, ўз иқтидори билан барчанинг
эътиборини қозона оладиган лойиҳаларга, кўрик-танловларга, акцияларга, жамоат ишларига жалб қилиш лозим. Лекин муаммо шундаки, таълим масканларида етакчилик қобилияти бор болаларни ҳамма ўқитувчилар ҳам ёқтиравермайди. Яъни муаллимларнинг наздида улар қайсар, ўз сўзида туриб оладиган, фикрини ўзгартириши қийин бўлган ўқувчилар ҳисобланади. Шу боис баъзи устозлар имкони борича уларни тенгдошларидан четроққа суришга ҳаракат қилади. Айнан мана шу четлатишлар бола руҳиятида, унинг феъл-атворида кейинчалик кескин муаммоларни, зиддиятларни келтириб чиқаради.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, етакчилик қобилияти бор ўсмир йигит-қизлар табиатан кучли шахс бўлишади. Агар биз уларнинг қувватини, ички ресурсларини тўғри йўналтира олсак, кўзланган мақсадга эриша олишимиз мумкин.

Ҳаракатлар муштарак бўлмаса...

— Баъзан мендан «Намунали, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган ота-оналарнинг фарзандлари жиноят кўчасига кириб қолишининг сабаби нимада?» деб сўрашади, — дейди Шоира Исоқова. — Бунинг асосий омили ҳам юқорида таъкидлаганимиздек, боланинг «мен»ини оилада, у яшаётган жамиятда юзага чиқаришга имкон берилмаслиги билан боғлиқ. Яъни ота-она томонидан фарзанд билан ўз вақтида суҳбат қилинмайди, уни қийнаётган муаммолар тингланмайди, таълим масканида устозлар ўқувчисининг фикрларини инобатга олмайди, қизиқишлари, иқтидорига ўз вақтида эътибор қаратмайди... Айтмоқчимизки, ўсмир ёшидаги болаларнинг юриш-туришини ён-атрофдаги катталар доимо назорат қилиб бормоғи лозим. Масалан, ота-оналар ва устозлар «Нега боланинг ўзлаштириши пасайиб кетди?», «У нималарга қизиқяпти?», «Нима учун у кўчадаги тенгдошлари орасида айнан ўзининг «мен»ини кўрсатишга интилмоқда?» каби саволларга биргаликда ечим топиши лозим. Агар бу борада икки томоннинг ҳаракати муштарак бўлмас экан, кўзланган мақсадга етиш мушкул.

Шунингдек, ўсмирлик вақтида инсон организмида психо-физиологик ўзгаришлар кузатилади. Жумладан, танадаги гормонлар миқдорининг мунтазам ўзгариб туриши ҳам балоғат ёшидаги йигит-қизларнинг хулқ-атвори ва ички ҳиссиётларига бевосита таъсир этади. Яъни у маълум пайтларда нима хоҳлаётганини билмаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги мумкин. Агар шундай ҳолатлар кузатиладиган бўлса, ота-оналар тегишли мутахассис билан бирга иш олиб боришлари лозим.

«Бошингни кўтар, уйингда ухламаганмисан?!»

— Инсоннинг дунёга келиши чинакам мўъжизалардан биридир, — дейди Тошкент педагогика коллежи ўқитувчиси Шаҳноза Раҳимова. — Кечагина ўзининг беғубор йиғиси билан бутун оламга жар солган гўдак зум ўтмай, оёққа тура бошлайди. Ота-оналар турмуш ташвишлари билан бўлиб, фарзандининг улғайиб, ўсмирлик даврига етиб қолганини ҳам сезмай қолади. Балоғат даври эса оила катталаридан бола тарбиясида жуда катта масъулият, жиддий эътиборни талаб қилади. Қолаверса, ўсмирлик пайтидаги йигит-қизлар билан бўладиган муносабатларда биз, устозлар ҳам бироз эҳтиёткор бўлишимиз зарур, деб ўйлайман.

Баъзан дарс жараёнида юқори синфда ўқиётган йигит ёки қизнинг бошини партага қўйиб, нималарнидир хаёл сураётганини кўраман. Назаримда, бу ҳолатга деярли барча устозлар рўбарў бўлган. Тан олайлик, аксарият ҳолларда муаллимлар ана шу ўқувчига қаттиқ танбеҳ беришга уринади: бошингни кўтар, нима, уйингда ухламаганмисан? Кеча дарсда сенга нима дегандим? Агар яна бир марта шундай қилсанг, ота-онангсиз машғулотга қўймайман. Бу — охиргиси бўлсин!

Фикримча, ушбу ҳолатга нисбатан мазкур педагогик ёндашув мутлақо нотўғри. Чунки ўша пайтда партага бош қўйиб ётган болага ички руҳий кечинмалари азоб бераётган бўлиши ҳеч гап эмас. Балки унинг оиласида нотинчлик бўлгандир, балки яқинларидан бири оғир бетобдир ёки... Агар дарсдан сўнг ўша ўқувчини ёнимизга чақириб, «Фалончи, бугун дарсда сенга эътибор бердим, ўзингни бироз ғалати тутдинг. Айт, нима бўлди? Қийнаётган муаммоларинг, дардинг бўлса, мен билан бўлиш. Қўлимдан келганича сенга ёрдам бераман», дея олсак, ишонинг, ўша ўсмир, албатта, сизга «ёрилади». Ўзини қийнаётган ташвишларини айтиб, кўнглини бўшатади ва қарабсизки, сиз унинг энг яқин сирдошига айланасиз. Тарбияга бўлган бу ёндашув эса ўша ўқувчи билан келажакда бўладиган салбий воқеликларнинг олдини олади.

Компьютер ўйинларининг оқибатлари қандай?

Яна бир гап. Бугун ўсмирларимиз ўртасида «Shadows fight» (Соялар жанги) номли жангари руҳдаги компьютер ўйини тобора оммалашиб бормоқда. Даҳшатлиси шуки, ушбу ўйинда ҳар бир иштирокчи рақибини таслим этиш учун ўзига мос, ўзи ёқтирган, асосийси, энг ўткир пичоқни танлайди ва ана шу совуқ қурол билан рақибига ҳамла қилади. Ачинарлиси, бу каби ўйинларни ўйнаш оқибатида ҳам болалар руҳиятида салбий ўзгаришлар кузатилади. Қолаверса, уларнинг баъзиларида компьютер экранидаги воқеаларни реал ҳаётда ҳам синаб кўриш истаги туғилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бола ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди. Агар у шундай ёвуз ишга қўл урдими, демак, бу ота-оналар, устозларнинг таълим-тарбияда йўл қўйган жиддий хатолари «мева»сидир. Шундай экан, гулдек фарзандларимизга доимо эътиборли бўлайлик, улардан меҳримизни дариғ тутмайлик!

Манба: Mahalladosh.uz

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Ўсмирлар ўртасида пичоқбозлик иллатининг илдизи қаерда?