Қашқадарёдаги УМК йўл патруль хизмати маскани ёнида тўхтатилган автомашинада сифатсиз 200 килограмм гўшт маҳсулоти олиб кетилаётгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Қашқадарё–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келган Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган Lacetti автомашинаси текширилганда ҳеч қандай ветеринария маълумотномаларисиз целлофан пакетларда жами 200 килограмм оғирликдаги келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвоннинг лаҳм гўшти олиб кетилаётгани аниқланди.
Бу гўшт маҳсулоти Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария санитария экспертиза лабораторияси томонидан намуналар олиб текширилганда туман экспертиза лабораториясининг хулосасига асосан истеъмолга яроқсиз деб топилди.
Гўшт маҳсулотлари тегишли тартибда йўқ қилинди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун тегишли идораларга топширилди.