27 март куни ижтимоий тармоқларда тадбиркор гўёки солиқ органлари ходимига танбеҳ бераётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу видеолавҳага Давлат солиқ қўмитаси изоҳ берди, дея хабар қилди "Дарё".
Қўмита ушбу видеоёзув қаҳрамони Муроджон Эгамбердиев солиқ органлари вакили эмаслигини расман маълум қилади. У Учтепа тумани ҳокимлиги иқтисодий бўлими ходимидир.
Маълум бўлишича, у маҳаллий ҳокимликлар қошида шаффофликни таъминлаш ва ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ органларига кўмак сифатида тузилган жамоатчилик гуруҳлари фаолияти доирасида иш кўрган.
Вазият етарлича ўрганилмасдан, ушбу видеоролик ижтимоий тармоқларда омма эътиборига ҳавола қилинди, бу эса солиқ органлари обрўсига салбий таъсир етказди, дейилади хабарда.
Ёлғон маълумот тақдим этиш, туҳмат жавобгарликни келтириб чиқариши эслатиб ўтилган.
Қайд этилишича, мамлакатда тадбиркорлик учун максимал даражада қулай шароитлар яратилмоқда, аммо бу ҳамма нарсага йўл қўйилиши мумкин, дегани эмас. Сотилган маҳсулот учун чек талаб қилишни ҳар бир фуқаро ўрганиши керак. Бу, биринчи навбатда, фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарурдир, дейилади хабарда.