Кеча, 3 ноябрь куни Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар “портлади”, барча фойдаланувчилар ушбу қарорни кескин танқид қилди. Сўнгра вазият шахсан президент назоратига олинди. Кун нашри воқеа тафсилотлари ҳақида ёзди.
Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов топшириғи билан Telegram фаолиятини чеклаш тўғрисида қилинган қарор хато деб топилди, президент бу масаладан хабардор этилгач, ҳолат юзасидан тезкор чоралар кўрилиб, «Ўзкомназорат» бошлиғи ишдан олинди ва тергов ҳаракатлари бошланди.
Ўзбекистонда Telegram ва 3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига қўшилган бошқа ижтимоий тармоқлар (YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») фаолияти тикланди.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларни чеклаш тўғрисида Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатма берилган.
«Ҳукумат кўрсатмасига асосан «Ўзкомназорат» томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат ҳақида Президент хабар топдилар. Ўйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», дея хабар қолдирди Асадов биринчи постида.
Kun.uz манбаси аниқлик киритишича, ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш бўйича топшириқ ҳукуматдан «Ўзкомназорат»га бир кун олдин келган. Одатда бундай даражадаги жиддий топшириқ тўғридан тўғри ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов томонидан берилади.
Маълумот учун, бош вазир Абдулла Арипов мутахассислигига кўра электроалоқа бўйича муҳандис ҳисобланади. У 2002-2005 ва 2005-2009 йилларда Ўзбекистон ҳукуматида бош вазир ўринбосари сифатида алоқа ва телекоммуникация масалаларига масъул бўлган.
Президент Администрациясига алоқадор ҳисобланган «Нигоҳ» канали эса ҳукуматнинг ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш тўғрисидаги қарори барча ҳуқуқий ва техник меъёрларга риоя қилган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани, бу ҳақда Президент Администрациясига хабар берилмагани ҳақида хабар қолдирди.
Кўп ўтмай «Ўзкомназорат» раҳбари юзага келган ҳолат учун ишдан олиниб, унинг ҳаракатлари юзасидан текширув бошлангани маълум қилинди.
«Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади», дейилади Асадовнинг иккинчи постида.
Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилиши таъкидланди.
Ғолибшер Зияев 2020 йилнинг сентябрь ойида «Ўзкомназорат» раҳбари лавозимига тайинланганди. У 2019-2020 йилларда бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятининг мудири лавозимида ишлаган.