Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида Каптива ЙТҲга учради. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, ушбу Каптива туман ҳокимини олиб юрадиган автоуловдир. Ҳодиса шу йил 7 ноябрь куни содир бўлган. Ҳокимнинг ҳайдовчиси рулни кескин буриши оқибатида машина пастликка тушиб кетган. Унинг ичида ҳоким бўлмаган. Ҳеч ким жароҳатланмаган, лекин машинага жиддий зарар етган.
Таъкидланишича, ушбу автомобиль жорий йил май ойида 311 млн сўмга сотиб олинган бўлган. Машина ВМнинг қарорига зид равишда харид қилинган. Чунки тегишли қарорда туман ва шаҳар ҳокимлари нархи БҲМнинг 1000 баравари (ҳозир 245 миллион сўм)дан ошмайдиган машина олишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бу тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ва ўшанда ҳокимлик қарорнинг 1-иловасига мувофиқ автомобиль қимматроққа сотиб олинганини таъкидлаган эди. Иловада эса тоғли ҳудудлар ҳокимлари хизмат машинасини олишда двигателнинг энг юқори қуввати 3 000 см3 гача оширилишига рухсат этилган. Ҳокимлик Яккабоғнинг 62,7 фоиз майдони тоғли ҳудудлар эканини таъкидлаган эди.