Симпозиум доирасида Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва Анқаранинг Боязид Йилдирим университети ректори Иброҳим Айдинли Боязид Йилдирим университетида барпо этилаётган Ўзбекистон хиёбонига кўчат кўчат ўтқазди.
Ушбу маросим Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси долзарб 40 кунлигида ўтказилгани билан аҳамиятлидир. Томонлар ушбу ниҳоллар ўзаро ҳамкорлик рамзи сифатида азим дарахтларга айланишини таъкидладилар.
Симпозиумда Самарқанд ва Анқара университетлари ҳамкорлигини янада мастаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенг йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги энг юқори даражага кўтарилгани, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президентлигига қайта сайлангандан сўнг илк ташрифини Туркия Республикасига амалга оширганида ҳам чуқур маъно борлигини таъкидлади.
Туркий давлатлар ташкилотининг Истанбулда бўлиб ўтган саккизинчи саммитида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан фан-таълим соҳасини ривожлантириш, шунингдек, 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифлари таълим соҳаси ва ёш кадрлар тайёрлаш механизмини ишлаб чиқишга янги суръат бағишлаши қайд этилди.
Мамлакатларимизнинг юқори даражадаги ҳамкорлигида Самарқанд ва Анқара университетлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ўз ўрнига эга экани айтиб ўтилди. Ушбу симпозиумни ташкил этишда катта жонбозлик кўрсатган Анқара университети ректори Иброҳим Айдинли ва TİKA президенти Серкан Каяларга миннатдорлик билдирилди.
Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида узоқ йиллар фаолият юритган буюк аллома Али Қушчининг Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг, Туркияга келиб олий таълимга асос солгани қардош халқларимизнинг таълим соҳасидаги алоқалари жуда қадимга бориб тақалишидан далолат экани таъкидланди.
Учрашувда Боязид Йилдирим университети ректори Иброҳим Айдинли Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан муносабатларда Самарқанд давлат университетига алоҳида устунлик берилишини айтиб ўтди. Ҳозирги кунда ўзаро алоқалар кенг йўлга қўйилгани, хусусан, Самарқанд давлат университетида мавжуд бўлмаган йўналишлар учун магистратура, докторантура босқичларида кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Шундан сўнг, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовга Анқаранинг Боязид Йилдирим университети фахрий профессори унвони топширилди.
Тадбирда симпозиумнинг фаол ташкилотчилардан бири, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети биринчи проректори Жўлибой Элтазаровга ҳам миннатдорлик билдирилди.
Симпозиум мунозараларида Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети декани Абдусаттор Бобоёров замонавий IT-технологиялар соҳаси бўйича ҳамкорлик таклифини илгари сурди. Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети декани Тошпўлат Ражабов қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, яйловлардан фойдаланишда Туркия тажрибасини ўрганиш юзасидан фикр билдирди. Тарих факультети декани Дилфуза Жўрақулованинг турк тилида қилган маърузаси иштирокчиларни қизғин баҳс-мунозага чорлади.
Самарқанд давлат университети делегациясининг Туркияга сафари давом этмоқда.
Фаррух Ҳамроев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати раҳбари