Тошкент вилоятидаги газ қуйиш шаҳобчаларида амалга оширилган текширишлар натижасида газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Энергетика вазирлиги томонидан Чирчиқ шаҳри ва Тошкент туманида биттадан “заправка” ўрганилганда, у ерда 100 мингта аҳоли хонадонларига бир кунга етадиган газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган. Хусусан, Чирчиқдаги шаҳобчада электрон газ ҳисоблаш ускунасидан “уддабуронлик” билан фойдаланиш оқибатида газ ўғирланган бўлса, Тошкент туманидаги “заправка”да шартнома ҳужжатларидан ташқари 1 дона компрессор ускуна ортиқча ўрнатилгани натижасида ноқонуний хатти-ҳаракат амалга оширилган.
Таъкидланиишича, умумий ҳисобда 1 млн 635 минг куб метр (1,7 млрд сўм) газ ўғирланган. Вазирлик иш юзасидан тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқ тартибот органларига юборган.