Инновация вазирлиги Ўзбекистонда энг кўп кузатилаётган коронавирус штамми ҳақида маълумот берди. Бу бўйича маълумот вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Матбуот хизмати ахборотига кўра, Ўзбекистонда асосан қуйидаги штаммлар учрамоқда: дастлабки Ухань вариантига ўхшаш (зарарланган беморларнинг умумий сонининг 1 фоизи – таҳр.), 20А варианти (7 фоиз), альфа варианти (10 фоиз) ва дельта варианти (82 фоиз). Таъкидланишича, дельтанинг яна бир нечта гуруҳости турлари бор. Ҳозирча Ўзбекистонда унинг иккитасагина аниқланган.
Штаммлар ҳақида маълумот йиғиш ва уни таҳлил қилиш ишлари илғор технологиялар маркази томонидан 2020 йилда бошланган эди. Марказ янги штаммларнинг тарқалишини мониторинг қилиш билан шуғулланади. Шунинг натижасида мутахассислар вируснинг тарқалиши бўйича тўлиқ статистик маълумотга эга бўлади.