Ижтимоий тармоқларда бир неча шахслар ўзларини гўёки кўчат экаётгандек кўрсатиб, расмга тушаётганлар видеоси тарқалди. Ушбу ҳолат тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Видеода фуқаролар бир кўчатни кўтариб олиб, ҳар хил манзилда экаётгандек ўзларини кўрсатганини ва шу орқали битта эмас, балки бир нечта майдонни “яшил макон”га айлантираётгандек тасаввур уйғотганини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, ушбу ҳолат Наманган вилояти Поп тумани Боғ кўча кўчасида содир бўлган. Туман ҳокимлигининг маълумотига кўра, кўчат экиш ишлари маҳалла раисининг топшириғига кўра амалга оширилган.
Таъкидланишича, соҳтакорликка йўл қўйган Боғ кўча маҳалла раиси Қ.Очилдиев, маҳалла раисининг ўринбосари М.Акбаров лавозимидан озод этилган. Шу билан бирга, кўчат экиш ишларини назоратга олмаган туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Э.Асқаровга ҳайфсан берилган.