Аслида кишида Она Ватан деган илк тушунчалар болалик давридан бошланади. Мактабдаги парталардан, ариқлардаги ялпизлардан, ўртоқларинг билан баҳорда осмонга учирган варраклардан. Ўша қадрдон манзаралар соғинчи ўзига тортаверди. Шунинг учун одам қаерда бўлмасин, қандай натижага эришмасин ўз илдизидан узилиб кетолмайди. Туғилиб ўсган жойи, ўзи билан улғайган туйғуларидан нари боролмайди. Ота-она бағрида ўтган болалик, шўх-шаън кечган ёшлик, улкан орзулар қилишинг, юқори марраларни кўзлашинг, оила аталмиш қўрғонингдаги фарзандларингни жажжи ниятларига тилакдош бўлишингда тинчлик қанчалик катта аҳамият касб этишини ҳамма вақт ҳам англамайди киши. Бугунгидек нотинч замонда, қайлардадир уруш оловлари ўчмаган пайтда она Ватанингдаги осудаликка, халқнинг кундалик ташвишлари билан бандлигига, тўйлар ташвиши билан юрганига, бир сўз билан айтганда фаравонлигига шукрона келтирасан. Айниқса, охирги йилларда илм-фан, адабиётга қаратилаётган эътибор сезиларли даражада ортди. Ижодкорларга қилинаётган ғамхўрлик кўпчиликнинг, ҳатто хорижликларнинг ҳам ҳавасини келтирди. Чунончи, пойтахтимиз марказида адабиётимиз намоёндалари сиймосига эҳтиром сифатида Адиблар хиёбонининг барпо этилгани, у ердаги 24 нафар устоз ижодкорларнинг ижодини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб этиш мақсадида юртимиздаги олий ўқув юртларига бириктириб қўйилганлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига имтиёзли кредитлар эвазига уй-жойлар берилганлиги, ёшларнинг китоблари ўн минглаб нусхаларда бепул чиқарилаётганлиги буларнинг бари адабиётга берилаётган эътиборнинг далилидир.
Яқинда мамлакатимиз ана шу тинч кунлар кафолатини берадиган катта ва масъулиятли жараённи бошидан ўтказди. Ўзбекистон Республикаси сиёсий ҳаётидаги Президентликка сайлов халқимиз ҳаётидаги жиддий синовдир. Юртнинг келажагини, халқнинг тўкинлигини таъминлайдиган бу давр ҳар биримиз учун ўта муҳим ҳисобланади. Марказий сайлов комиссиясининг Қарори шу йил 29 октябрдаги 1154-сонли қарорига асосан юқори 80,12 фоиз овоз билан беш йил муддатга Шавкат Мирзиёевнинг Республикамиз Президенти этиб сайланганлиги фуқароларимизнинг холис танлови, адолат тантанаси бўлди, десак янглишмаймиз. Республикамизнинг барча ҳудудлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича 14 та сайлов округи бўйича ўтказилган сайловнинг адолатли ўтганлигининг исботи шундаки, вилоятларимиз, шаҳарларимиз бўйлаб ташкил этилган барча сайлов участкаларидаги ишларнинг ўта тартиб билан йўлга қўйилганлиги, одамларимизнинг ҳар бири ўз номзодини ўзи кўрсатганлигида кўринди. Қишлоқда саксондан ошган бувим билан гаплашсам: «Мен ҳам овоз бердим болам. Шу пошшомизга бердимда. Ўзи яхши олиб боряптику. Шунга ўхшаб, элу-юртини ўйлайдиганлар кўпайсин илоҳим, болам» дедилар дуога қўл очиб.
Тунов куни мазкур жараёнларнинг тантанали якуни бўлмиш тадбирга кўпчилик юртдошларимиз қатори пойтахтимиздаги Хумо аренасига бордим. Соат 16:00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари эълон қилинди. Бу фурсатни ҳамма кутганини, интиқ бўлганини ўша лаҳзада залдаги қарсаклардан, олқишлардан билса бўларди. Ниҳоят, саҳнага Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев чиқиб келди. Давлатимиз раҳбарининг яқин истиқболдаги режалар, ютуқлар ва мақсадли вазифалар ҳақидаги муҳим фикрларини ҳамма ҳаяжон билан тинглади. Бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, мамлакат тақдирига дахлдор, фаровонлик, тинчлик ва тараққиётимиз билан боғлиқ аниқ ва долзарб мулоҳазалар эди. Бу улуғ йўлда ҳар биримиз бир мушт бўлиб, Она Ватан ривожи учун ҳисса қўшишимиз учун даъват бўлди. Бу даъват эса бизни ўзбек деган улуғ ном остида бирлаштиради.
Дарвоқе, камина ҳам амалдаги Президентимизга овоз бердим. Чунки Ватаним тақдирида ўзимнинг, оиламнинг, айниқса халқимнинг келажагини ёруғ бўлишини истайман!
Наргиза АСАДОВА, журналист