Самарқанд шаҳрида 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси тунги клуб ва ресторанларда назорат тадбирлари олиб борилди, дея хабар қилди zarnews.uz.
Вилоят ҳокимлиги, миллий гвардия, ички ишлар бошқармаси ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган тадбирда гуруҳ аъзолари “Remix”, “Kings”, “Vokarti”, “Skazka” ва “Жайрон” тунги клуби ва ресторанларда бўлган.
Тадбирда вояга етмаган ёшларнинг соат 22:00 дан сўнг тунги клубларда вақтини ўтказаётгани аниқланмади. Бироқ 20 нафар ёшларнинг ноқонуний ишлаб келаётгани ва 12 нафар хотин-қизнинг рухсатномасиз (лицензия) раққосалик фаолиятини олиб бораётгани кузатилди.
Ҳолатлар бўйича тунги клуб ва ресторан эгаларига тегишли тартибда чоралар кўрилган.