Ижтимоий тармоқларда яқиндагина шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга совға қилинган уй қайтариб олингани ҳақида хабарлар тарқатилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Ушбу хабарлар эълон қилингач Туризм ва спорт вазирлиги бунга изоҳ берди. Вазирликнинг таъкидлашича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва ёлғон. Маълум бўлишича, кеча, 7 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Фахриддин Давруков чемпион ва унинг ота-онасига уйни таништирган. Унга Махтумқули кўчаси 91/1 уй манзилидаги икки хонали уй берилган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда ва яқин орада уй Нодирбекка топширилади.