Эндиликдаги ислоҳотларни «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони имзоланиши кутилмоқда. Ҳозирда Фармон лойиҳаси кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилиниб, таклифлар илгари сурилмоқда.
Унда миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш, мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов ҳам жойларда аҳоли вакиллари билан учрашиб, Фармон лойиҳаси бўйича жамоатчиликка содда тилда тушунтиришлар бермоқда.
А.Ҳаитов Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги “Бек нур класс” МЧЖда жамият ходимлари билан ўтказган учрашувида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналиши – миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш йўналиши бўйича белгиланган устувор вазифаларни Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари доирасида бошланган ислоҳотларнинг давоми сифатида баҳолаш мумкинлигини таъкидлаб, бу борадаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Тараққиёт стратегияси асосида 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши, бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилаётгани учрашувда алоҳида тилга олинди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошланган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши таъкидланди.
Улуғбек Аҳмадалиев бошчилигидаги мазкур тадбиркорлик субъекти 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан пайпоқлар ишлаб чиқарилиб, Россия давлатига экспорт қилинади.
Актам Ҳаитов тадбиркорлик субъекти фаолияти, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши
Жамоатчилик билан алоқалар ва
Мафкуравий тарғибот бўлими мудири.
ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши
Жамоатчилик билан алоқалар ва
Мафкуравий тарғибот бўлими мудири.